“ХУШЧЕККА”ЛИКЛАР ҚАЧОН ХУШ КАЙФИЯТДА БЎЛАДИ?

0 21

Ўтган йилнинг баҳорида Шўрчи туманидаги “Хушчекка” маҳалласида кўприк қурилиши бошланганди. Йилнинг иккинчи ярмида эса “Обод хонадон, обод кўча, обод маҳалла” дастури доирасидаги ишларга киришилади. Аҳоли кўп йиллик орзулари амалга ошаётганидан мамнун бўлганди.

Аммо йил охирига бориб, намидир бўлди. Ҳамма ҳар хил фикр билдира бошлади, биров маблағ тугаб қолган деса, яна биров бўлгани шу экан деб қолди.

Саволларга, хавотирларга ойдинлик киритиш мақсадида аҳоли билан учрашиб, масъулларнинг фикрларини тингладик.

 – Ушбу йўл ўтказгич Қумқўрғон, Жарқўрғон, Шўрчи, Денов, Сариосиё, Узун туманлари халқи учун муҳим ўрин тутади, – дейди Камолиддин Жобиров. – Ўтган йилнинг март ойи охирларида вилоятимиз ҳокими Улуғбек Қосимов келиб, мутасаддиларга зарур топшириқлар берганди. Тез фурсат ичида иншоот фойдаланишга топширилса керак, деб ўйлагандик. Ишлар сентябрь ойига келиб бирдан тўхтаб қолди.

– Ҳудуд қир ва адирлар бағрида жойлашган, – дейди Парда Сафаров. – Осмонга булут чиқиши билан сел келади. Айланма йўл чўкиб кетган. Тошқин юз берса, машиналар тўпланиб қолади. Йўловчилар сув камайишини кутишга мажбур. Кўприк қурилиши ҳали-бери якунланадиганга ўхшамайди.

– Ойда бир ёки икки марта махсус техникалар келади, – дейди Бобомурод Жўрақулов. – Тўрт-бешта ишчи ўзларича нималар биландир “овунади” ҳам. Кўрган киши ҳойнаҳой энди иш давом этса керак, деган хаёлга бориши табиий. Кўприксозлар бирдан ғойиб бўлишади. Улар бизга “мана иш бўлаяпти, сабрли бўлинглар”, деган маънода “мотивация” бераётганга ўхшайди гўё.

– “Шабада” кўчасида кўчабошиман, – дейди Абдураҳмон Аннақулов ўзини таништираркан. – Биз томонларда 500 дан ортиқ аҳоли яшайди. 102 та хонадон бор. Қир ва адирларга туташ манзил йўллари ботқоққа ўхшайди. Лой тўпиққа етса, уловлар аранг ҳаракатланади. Ёзда чанг ва ғуборга “бурканиш” тайин. Йил ўн икки ой аҳволимиз шу. Кўчага тош ҳам тўшалмади.

– «Жарқўрғон-Какайди-Лалмикор-Хушчекка-Тожикистон Республикаси чегараси» автомобиль йўлининг 79 километридаги кўприк 2022 йилнинг май ойида таъмирталаб бўлиб қолганди, – дейди Шўрчи туман ҳокимлиги бош мутахассиси Алишер Холтожиев. – Шундан кейин 4 миллиард 362 миллион сўм маблағ ажратилди. Қурилиш ишлари «Хўшбоқ Али Ангор» масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилмоқда.

– Кўприк қачон қурилади?

   – Кўприк – мураккаб муҳандислик иншооти ҳисобланади. Уни сифатли қуриш учун маълум муддат талаб қилиниши табиий. Шундан келиб чиққан ҳолда, айтадиган бўлсам, жорий йилнинг 1 июнига қадар узунлиги – 42, эни эса 14 метрли замонавий йўл ўтказгич қуриб битказилади.

– Автомобиль қатнови ва аҳоли учун айланма йўл қурилган экан. Сел ва тошқин натижасида у ҳам яроқсиз бўлиб қолибди…

–  Ишчи гуруҳ ташкил қилганмиз. Ўн кун муддатда йўл қайта таъмирланади.

– “Обод хонадон, обод кўча, обод маҳалла” дастури доирасида қатор ишлар амалга оширилди, – давом этади туман ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Нигина Шоева. – Маҳалла биноси таъмирланди. Унда ўқув маркази, кутубхона ҳамда “Маънавият сектори” ҳам фаолият қўрсатмоқда. 92-сонли оилавий поликлиника, 12-, 57-умумтаълим мактаблари ҳамда 31-мактабгача таълим ташкилотларини кўрган кишининг ҳаваси келиши шубҳасиз.

Ўнта ички кўчага тош-шағал ётқизилиб, 3,8 километрли йўл асфальт қилинди. Ўнта трансфортматор таъмирланди. 130 та устун алмаштирилди ва 2,3 километрли ҳаво линияси тортилди. “Боботоғ” ва “Шабада” кўчаларидаги сув миноралари шай ҳолга келтирилган бўлса, “Гулистон”да янги иншоот ўрнатилди. “Боботоғ”, “Бўстон”, “Хушчекка”, “Шабада”, “Сурхон соҳили”, “Янгиобод”, “Янгиобод-1”, “Гулистон” кўчаларига қарийб 8 километрли сув қувурлари ўтказилди. Тўғрисини айтсам, дастур доирасидаги 90 фоиздан ортиқ иш ўз вақтида бажарилган.

Умид қиламизки, хушчеккаликларни ўйлантирган, хавотирга солаётган саволларга тез орада қувончли жавоблар топилиб қолади. Шўрчилик масъуллар, Сурхондарё вилоят ҳокимлигидан кўприк масаласи бўйича жавоб кутиб қоламиз.

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

“Ўзбекистон овози” мухбири

Leave A Reply