НАМАНГАНДА ҲАЁТ ТУБДАН ЎЗГАРАДИ

0 17

Бунинг учун белгилаб берилган вазифалар ижросига жиддий киришамиз!

Наманган – бошқа вилоятларга нисбатан имкониятлари кенг вилоят. Серсув, ҳосилдор ерларимиз кўп. Халқимиз ҳам меҳнаткаш, тадбиркор, ҳунарманд. Уларнинг меҳнати ва фидойилиги билан Наманганда ҳаёт ўзгармоқда. Ўтган 7 йилда вилоят иқтисодиёти 2 баробар, экспорт 3 карра ўсиб, жон бошига даромад 15,5 миллион сўмга етди.

Айни пайтда эса имкониятлардан янада самарали фойдаланиш борасида янги қадамларни ташлаш, ҳар соҳада масъулиятни янада ошириш вақти келди.

Давлатимиз раҳбарининг 25-26 март кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида худди шундай далиллар асосида қатор соҳалар таҳлил қилинди ва ниҳоятда долзарб вазифалар белгилаб берилди. Наманганда мавжуд салоҳият ва имкониятларни тўлиқ ишга солиниши бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Жумладан, масъулларнинг ҳар бир корхона, тадбиркор ва хонадон билан яқиндан ишлаши зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Сайхунобод мисолида Уйчи туманидаги 56 та маҳаллани ишсизлик ва камбағалликдан ҳоли ҳудудга айлантириш, томорқадан 60-70 миллион сўм даромад олиш бўйича намуна яратиш топширилди.

Бу – жуда катта эътибор ва имконият. Баъзи хонадонлар, маҳаллалар ҳар қарич ердан унумли фойдаланаётганига, мавсумда ердан бир неча маротаба ҳосил олишга эришаётганига гувоҳмиз. Аксар маҳаллалар деҳқончиликни ўз драйверига айлантиришга ҳам улгурган. Бироқ бугунги кунда яратилган имкониятларга нисбатан бу натижанинг етарли эмаслиги ҳам бор гап. 35 минг хонадонга гулчилик, иссиқхона, балиқчилик, асаларичилик, чорвачилик, узумчилик, қулупнай, картошка етиштиришга кўмаклашиш мақсадида етарли миқдорда кредитлар ажратилиши ҳақидаги кўрсатма минглаб оилалар фаровонлигини оширишга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Йиғилишда таъкидландики, вилоятда 6 та давлат ва 3 та хусусий олийгоҳ бор. Улар ичида етакчи бўлган Наманган университетидаги 71 та таълим йўналиши 56 тага камайтирилиб, янги адабиётлар билан тўлиқ таъминланади. Таълим сифатини ошириш учун ўқув дастурлари янгиланади, деди давлатимиз раҳбари.

Бугунги кунда кўрсатиб берилган вазифалардан келиб чиқиб, Наманган давлат университети ҳам муайян чора-тадбирларни белгилаб олди. Технология, биотехнология, тупроқшунослик, сув ресурслари, туризм каби қатор йўналишларда кадрлар тайёрлаш, таълим сифатини янада ошириш бўйича дастлабки қадамлар ташланди. Айни пайтда университетда таълим йўналишлари классификатори, малака талаблари кўриб чиқилиб, қўшимча таклифлар тайёрланмоқда.

Қолаверса, ташриф жараёнида вилоятдаги 16 та ихтисослашган тиббиёт маркази тарқоқ ҳолда 6 та туман ва шаҳарда жойлашгани, оқибатда беморлар бир шифохонадан иккинчисига сарсон бўлиб, ортиқча пули ва вақтини сарфлаётгани, шу боис бу 16 та марказ негизида 3,5 минг ўринга эга 2 та – биринчи ва иккинчи Наманган тиббиёт марказлари ташкил этилиши таъкидланди. Бунда шошилинч ва бошқа тиббий хизматлар, диагностик текширувлар ҳамда тор соҳа мутахассисларини бир жойга жамлаш, аҳолига туну-кун хизмат кўрсатиш имкони яратилади. Австрия билан ҳамкорликда Наманган шаҳрида замонавий гемодиализ марказини ишга тушириш режалаштирилди.

Шунингдек, мамлакатимизда инфаркт ва инсульт асорати оқибатида фаол ҳаёти чекланган аҳолини тиббий ва ижтимоий реабилитация билан тўлиқ қамраб олиш муҳимлиги қайд этилди. Бу борадаги ишларни яхлит тизим асосида ташкил қилишга кўрсатма берилди. Шу муносабат билан мутасаддиларга инсульт ва жарроҳлик амалиётидан сўнг реабилитация қилиш бўйича ягона миллий тизим яратиш, телевидение, радиода соғлом турмуш, тўғри овқатланиш тарғиботини кучайтириш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Университетда ҳозирда бир неча йўналишда тиббиёт ходимлари тайёрланмоқдаки, юқоридаги вазифаларнинг ижроси тиббиёт соҳасига етук кадрлар тайёрлашни тақозо этади. Ҳозирги кунда университетдаги талабаларнинг назарий билимларини янада мустаҳкамлаш мақсадида вилоятдаги тиббиёт муассасаларида амалиёт ўташлари учун кўпроқ имконият бериш, лаборатория жиҳозларини янада кўпайтириш, малакали тиббиёт ходимларини ўқув жараёнига жалб этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Ташрифи чоғида айтилган фикрлар, таклифлар, топшириқлар Наманган вилоятининг бугуни, эртаси ва келажаги учун қўйилган мустаҳкам пойдевордир. Агар ҳар биримиз ўз вазифамизга виждонан ёндашиб, шижоат билан меҳнат қилсак, кўзлаган мақсадларимиз ва муваффақиятларга албатта эришамиз.

Наримон ДЕҲҚОНОВ,

Наманган давлат университети биринчи проректори, сиёсий фанлар доктори.

Leave A Reply