ТАДБИРКОР, ИШ БЕРУВЧИ ҚАНЧАЛИК МАСЪУЛИЯТЛИ?

0 17

Давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган бирор-бир учрашув, йиғилиш йўқки, унда бандликни таъминлаш, одамларнинг турмуш тарзини юксалтириш масаласи тилга олинмаса.

Одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши бевосита ушбу жиҳатларга боғлиқдир. Шуни инобатга олган ҳолда, иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш, камбағилликни қисқартиришга оид тизимли чора-тадбирлар йўлга қўйилган. Иш ўрни яратиб, жаҳон бозорига миллий маҳсулотларимизни олиб чиқаётган ҳар бир тадбиркорнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қонун билан кафолатланган. Бандликни таъминлашга ҳисса қўшаётган, ўзини ўзи банд қилаётган кишиларга берилаётган имконият ва имтиёзлар ҳам кенг.

Аммо тадбиркорларнинг зиммасида ўзига яраша масъулият ва мажбуриятлар ҳам борки, баъзи ҳолларда булар бажарилмай қолмоқда. Имконият ва имтиёзлардан фойдаланиб, шахсий даромадини ошириш билангина чекланиб, меҳнатидан фойдаланаётган ходимларини унутиб қўяётган, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, солиқларни ўз вақтида ва шаффоф равишда тўлаб боришни истамайдиганлар оз эмас.

Жорий 29 январь куни уй-жой ва коммунал хўжалиги, қурилиш, транспорт ва экология соҳаларидаги устувор вазифалар, шунингдек,  12 февраль куни қишлоқ хўжалигида ишга солинмаган янги захираларни сафарбар этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Ушбу йиғилишларда айнан бандлик ва ходимларнинг хавфсизлиги масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Яъни, соҳалар кесимидаги вазифалар танқидий таҳлил қилиниши билан бирга, қурилиш соҳаси ҳамда қишлоқ хўжалигида иш ўринлари ва товар айланмасини “соядан” чиқариш зарурлиги таъкидланган.

Ёлланма ишчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи ҳам устуворлик касб этади. Яъни, минглаб қурилиш ташкилотларининг аксариятида расман саноқлигина ходимлар бор холос. Бироқ ёзлаб ёлланма ишчилар конвертда ҳақ оляпти. Қанча олаётгани, миқдорнинг кам-кўплиги ўзларигагина маълум. Бу ҳам майли, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, хавфсизлигини суғурталаш каби масалалар ҳам “сояда” қолиб кетмоқда.

Ёдингизда бўлса, февраль ойида тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги мазмун-моҳиятини етказиш ҳамда уни аниқлаш мезонлари билан таништириш мақсадида қурилиш соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлар иштирокида семинар ўтказилди. Қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда масъуллари қатнашган тадбирда Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов мамлакатимизда қурилиш саноатида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари 34,5 мингтани ташкил этиши маълум қилган эди. Уларнинг 24,1 мингтаси қурилиш, 10,4 мингтаси қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарга тўғри келади. Эътиборлиси,  ушбу корхоналарда 417 мингдан ортиқ аҳоли бандлиги таъминланган бўлиб, 2023 йилнинг ўзида улар томонидан жами 150 трлн сўмга яқин қурилиш ишлари амалга оширилган.

Бироқ шу қадар катта ишларни амалга оширган одамларнинг сони ва унга сарфланган меҳнат расмий рўйхатга олингандан тубдан фарқ қилади. Статистик маълумотларга кўра, қурилиш корхоналарга ўртача 9 нафардан, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарга эга 14 нафардан ишчи тўғри келмоқда. Таҳлилий ўрганишлардан 10 947 та корхонага -1 нафардан, 4 219 та корхонага – 2 нафардан, 5 585 та корхонага эса 4-10 нафардан ишчи ходим тўғри келаётгани маълум бўлган.

Ваҳоланки, амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари бу рақамларнинг бир неча баробар кўп бўлиши керак эканини кўрсатиб турибди.

Демак, давлат раҳбари таъкидлаган “соя”даги иқтисодиёт ушбу соҳалар кесимида яхшигина авж олган. Тадбиркор виждонли ва ҳалол бўлиши зарурлиги ҳақида гаплар қанча такрорланмасин, буни ўзига олаётганлар ва қонун талаблари асосида ишини ривожлантираётганлар кўп эмас.

Иккинчидан, минглаб одамнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимоя қилинмай қолмоқда, адолатли меҳнат ҳақи тўланиши ҳам кафолатланмаган.

Яна бир энг муҳим жиҳати эса бундай ёндашув одамларнинг ишга бўлган муносабатининг сусайиши, хафсаласининг сўнишига олиб келяпти.

Тўғри, ходимлар ишламай қўймайди. Боласини боқиш керак, кредит тўловлари бор, мажбур иш берувчининг шартларига кўниб ишлаяпти. Аслида ич-ичидан меҳнатдан кўнгли совиган одам ишини ҳам қўл учида бажаради, юракдан қилмайди. Сабаби унинг ижтимоий ҳимояси, дам олиш ҳуқуқи калофтланмаган. Оқибатда бу ҳолатлар ёшларнинг ижтимоий кайфиятига салбий таъсир қилиши мумкин. Бир неча марта адолатсизликка учраган ходимда ёмон энергия юзага келади.

Шу сабабли ҳам тадбиркорлар масаланинг ҳар томонини чуқур ўйлаб кўриши зарур. Чунки улар иш берувчи. Ходим эса унинг иши юришига, ишлаб чиқараётган маҳсулоти ёки қурилаётган иморати сифатли бўлишига, даромади ошишига асосий ҳисса қўшувчи шахсдир. Демак, ҳар икки томон ҳам бир-биридан манфаатдор. Аммо тадбиркор зарур шароит, муносиб иш ҳақи ҳамда ижтимоий ҳимояни таъминламаса, шунга яраша ходимдан жавоб қайтади.

Давлатдан катта имтиёз ва имконият олаётган тадбиркорлар ўз ходимларига ҳам шунга лойиқ муносабатда бўлиши ҳам қонун олдида, ҳам инсонийлик нуқтаи назаридан адолатли бўлади.

Мазкур масалада соҳага алоқадар кишиларнинг фикрлари билан қизиқдик. Ёлланма ишчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари билан боғлиқ қонунчиликни такомиллаштириш ёки янги қонун ишлаб чиқаришга эҳтиёж борми? Ушбу йўналишдаги меҳнат қонунчилиги меъёрлари, халқаро амалиётда ёлланма ишчиларнинг ҳуқуқлари қандай ҳимояланади каби саволларга жавоб олдик.

Лазиз ҚАРШИЕВ,

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги

Меҳнатга ҳақ тўлаш ва меҳнат стандартлари бошқармаси бошлиғи:

— Бир қатор тадбиркорлар фуқароларни ишга олганда расмийлаштирмайди. Бу эса ўз навбатида давлатга тўланаётган солиқ, давлат томонидан фуқароларга кафолатланган хизматларнинг амалга оширилишига йўл қўймасликка олиб келади. Тадбиркорлар ўз фойдасини кўзлаб фуқароларнинг хавфсизлиги, кейинги ҳаётида мураккаб аҳволга солиб қўйишини ўйламайди.

Иккинчидан, ўз соғлиғи, ҳуқуқи ва келажагига қандай таъсир қилаётганини ёлланма ишчиларнинг ўзи тушуниб етмаяпти.

Бу борада қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки янги ҳужжат ишлаб чиқиш ҳақида гап кетганда, қонун устуворлиги таъминланиши зарур, деб ўйлайман. Айрим тадбиркорлар томонидан мавжуд имтиёзлардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда. Масалан, ходимлар билан меҳнат шартномаси тузмаган ҳолда оғзаки келишув билан муносабат ўрнатиляпти.

Қурилиш объектида давлат меҳнат инспекторлари ўз вазифасини  бажариш, яъни текшириш ўтказиш учун ҳужжатбозлик, рухсат олиш каби бир қанча босқичлари бор. Менимча, ўшаларни камайтириш, соддалаштириш керак. Масалан, Бизнес омбудсманига меҳнат инспектори томонидан етарли асос тақдим этилмаса, текшириш ўтказиш қолиб кетади.

Фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминланиши аввало ҳар бир шахснинг ўзига боғлиқ. Шу сабабли тарғибот ишларини кучайтириш лозим, деб ўйлайман. Шартнома тузмаган ҳолда ишлаш қандай муаммоларни юзага келтириши мумкинлиги, хусусан, пенсия таъминотига оид ҳуқуқларидан маҳрум бўлиши, иш берувчи томонидан йўл қўйилган ноҳақликни исботлаш билан боғлиқ ҳуқуқлари камайиб кетишини тушунтириш керак.

Масалан, Европа давлатларида меҳнат ҳуқуқларини муҳофаза қилишга доир назорат органларида шундай ваколатлар борки, инспекторлар фақатгина иш вақтида эмас, куннинг исталган пайтида хоҳлаган ташкилотга, огоҳлантиришсиз, ўз ваколат доирасида ўрганиш ва текширишларни олиб бориш учун кириш ҳуқуқи берилган. Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенцияларида ҳам бу ҳолат кўрсатиб ўтилган. Мана шу халқаро тажрибани қўллаш ҳақида ўйлаб кўришимиз керак.

Дилбар МАМАДЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон хДП фракцияси аъзоси:

— Меҳнат дафтарчаларининг юритилиши талаб қилинса, ўшандагина фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари таъминланган бўлар эди. Шу билан бирга, иш ўринларининг сони, соядаги товар алмашинувига чек қўйилади.

Ходим фақат бугунини ўйлаётган бўлиши ҳам мумкин. Аммо айрим тадбиркорлар томонидан мана шундай шарт қўйилмоқда. Яъни, меҳнат дафтарчаси очмасдан, ишлашга рози бўлсагина ишга қабул қилиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Масалан, қишлоқ жойларни оладиган бўлсак, фермер хўжалиги деймизми, кластерми, улар ҳам вақтинчалик иш фаолияти билан шуғулланувчиларга меҳнат дафтарчаси юритмасдан, маълум муддатга ишга қабул қилишяпти. Табиийки, мазкур ҳолат маълум бир солиқларни яширишга сабаб бўляпти.

Ваҳоланки, Меҳнат кодексида иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш бўйича ҳаммаси белгиланган. Масалан, ёлланма ишчиларнинг қайси тартибда ишлаши кераклиги ёки шартнома асосида ишга қабул қилиш масалалари, касаначилик бўйича қандай фаолият юритиши мумкинлиги қайд этилган. Фақатгина фуқаролар “ишлашим керак, пулга эҳтиёжим бор”, дейдида конверт усулида ҳақ олишга рози бўлади. Аммо уларнинг ижтимоий ҳимояси, хавфсзлиги, эртанги кунга пенсия таъминоти инобатга олинмаганини билмайди ёки ўйламайди.

Шу сабабли янги қонунга эҳтиёжимиз бор. Яъни, ёлланма ишчиларнинг ҳуқуқ, мажбуриятлари ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимоясини ўз ичига оладиган қонун ишлаб чиқлиши лозим. Вақтинчалик ишлайдиган ёлланма ишчиларнинг фаолиятига оид барча масалалар ўша қонунда қамраб олиниши зарур. Балким, шундагина ҳеч қандай ҳужжатсиз ёлланма ишчи сифатида меҳнат қилиш ҳолатини чеклашга эришиш мумкин.

Агар чет эл тажрибасини, мисол учун, Германия, Франция, Италия давлатларини кўрадиган бўлсак, йирик-йирик корхоналар ўзларининг аутсорсинг ёки аутстаффинг компанияларини тузади ва шулар орқали ёлланма ишчиларни қонуний тарзда иша қабул қилади. Бу тажриба бизнинг юртимизда ҳам бор. Уларнинг фаолиятини янада жонлантириш ва кенгайтириш талаб этилади.

Аутсорсинг нима деган саволга келсак, бу бирор фирма фаолиятига хизмат кўрсатиш функциясининг бир қисмини бошқа бажарувчи ташкилотга бeришни англатади.

Биз ҳам халқаро амалиётдан келиб чиқиб, ёлланма ишчи билан шартнома тузишда унинг ўзи ким, уни қайси тартибда ишга олиш мумкин деган саволларга жавоб олиш имкони юзага келади. Шундан келиб чиқиб, Меҳнат кодексидаги баъзи нормаларни ёлланма ишчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига оид қонунга сингдириш керак, деб ўйлайман.

Баҳодиржон ҚАҲҲОРОВ,

Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи васифасини бажарувчи:

— Конвенциянинг имплементация қилиниши билан бизнинг қонунчилигимизда меҳнат инспекцияси тадбиркорлик субъектларини тўғридан-тўғри текшириш ҳуқуқига эга деб ёзилган бўлсада, бир нетча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда хат билан келишилган ҳолда ёки рухсат сўралган ҳолда амалга ошириш, деб белгиланган. Ҳозирги кунда ташкил этилаётган текширувларни келишилган ҳолда олиб боряпмиз. Шунга қарамай қатор тушунмовчиликлар юзага келмоқда. Мисол учун, 2023 йилда бизнес омбудсмани ҳамда унинг жойлардаги ваколатли органлари томонидан 100 дан ортиқ меҳнат инспекторига нисбатан судга мурожаатлар бўлган. Уларда ўрганиш ва текширишлар нотўғри ўтказилгани таъкидланган.

Биргина Тошкент шаҳрида 13 нафар меҳнат инспекторига нисбатан даъво аризалари киритилган. Биз судда ютиб чиқдик. Сабаби бизнинг ходимлар ишини тўғри бажаргани исбот қилинди. Бироқ биздан меҳнат инспекторларининг ҳақлигини исботлашга кўп вақт, кўп куч оляпти.

Агар қонунчилигимизни меҳнат инспекцияси ходимларига тўғридан-тўғри текшириш ўтказиш ҳуқуқи белгилаб берилса, менимча, фуқароларнинг меҳнат соҳасида ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янги босқичига чиқариш ва тўлиқ уларни қамраб олишга имкон яратилади. Шу билан бирга, бизнес омбудсманига текшириш ўтказиш бўйича асосланган мурожаат қиламиз, шундан кейингина уларнинг рухсати билан тадбиркорлик субъектига киришга ҳаққимиз бўлади.

Аксинча, иш берувчи меҳнат шартномасини расмийлаштирмасдан ёлланма ишчининг меҳнатидан фойдаланишда давом этса, яширин иқтисодиёт ривожланиб кетаверади. Тадбиркорлар, иш берувчиларнинг жавобгарлигини кучайтириш зарур бўлади.

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

Leave A Reply