ЎСИШ ИШ ЎРНИ ДЕМАКДИР

0 20

Жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларида сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда, одамларнинг хабардорлиги, дунёқараши, сиёсий билими ошди. Ўзи шундай бўлиши ҳам керак. Ҳаёт бор экан, янгиланишга эҳтиёж сезилаверади. Эндиликда бу натижалар билан чегараланиб қолмасдан, уларни янада ривожлантириш талаб этилади.

Давлатимиз раҳбари ҳар ҳафта катта воқеаларнинг иштирокчиси бўлиб, мамлакатимизни янада тараққий эттириш бўйича таклиф-ташаббусларини билдиради, вазифаларни белгилаб беради. Ўтган ҳафтадаги муҳим воқеалар ҳам давлатимиз, ҳудудларимизда катта ислоҳотлар бўлишига аниқ ишора берди, десак муболаға бўлмайди.

6 март куни давлатимиз раҳбари Тошкент вилоятининг туман ва шаҳарларидаги имкониятларни тўлиқ ишга солиш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Қайд этилдики, Тошкент вилоятида 15 та туман ва 7 та шаҳар бор. Ҳудуд қулай географик маконда, воҳа ва водий вилоятларини пойтахтимиз билан боғлайдиган муҳим транспорт йўлагида жойлашган. Лекин вилоятнинг иқтисодий ривожи мавжуд салоҳиятга умуман мос эмас. На савдо, на ер-сув, на транспорт-транзит имкониятларидан тўла фойдаланилаяпти. Баъзи кўрсаткичлар бундай қулайликлар бўлмаган айрим чекка ҳудудлардагидан ҳам паст.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда ишга солинмаётган имкониятлар, сусткашликлар кўрсатиб ўтилди. Вилоятнинг Тошкент, Зангиота, Қибрай, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ туманларида саноат ҳажми ёндош пойтахт туманларига нисбатан бир неча баробар камлиги танқид қилинди.

Ишлаб чиқариш камайган

Бир қатор кичик тадбиркорлар фаолиятини тўхтатган. 29 та йирик корхонада ҳамда Бекобод ва Янгийўл шаҳарларида ишлаб чиқариш камайган. Вилоятда экин ерлари кўп бўла туриб, Андижон билан деярли бир хил ҳажмда маҳсулот етиштирилган. Ҳудудларнинг бор салоҳияти даромадга айланмаяпти. Сабаби “ўсиш нуқталари”ни топиш ва ишга солиш бўйича ҳокимларда ташаббус етишмаяпти. Айрим ҳокимлар ҳатто ўз ҳудудида “пастга тушмаган”, тадбиркорни қўллаб-қувватлашга, иш ўринларини кўпайтиришга ҳаракат қилмаган.

Йиғилишда вилоятдаги шаҳар ва туманлар мутасаддилари ўз фаолиятида ўзгариш қилмаса, лавозимига лойиқлиги кўриб чиқилиши тўғрисида огоҳлантирилди.

Суст туманларнинг “ўсиш нуқталари”

Имкониятлар яратилган. Лекин ҳамма туманларда ҳам ривожланиш бир хил эмас. Хусусан, Паркент, Янгийўл, Чиноз ва Оққўрғон туманларида туризм, транзит ва иқтисодий қулайликлар кўп бўлса-да, тараққиётдан орқада. Шу боис, улардаги ҳақиқий ҳолат, имкониятлар ва тадбиркорларнинг таклифлари ўрганилган. Йиғилишда таҳлиллар, мазкур туманларнинг “ўсиш нуқталари” тақдимот қилинди.

Жумладан, Паркент туманининг хушманзара жойларига олиб борувчи йўлларни таъмирлаш, микроавтобуслар қатновини ташкил этиш, йўл бўйида савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари қуриш учун тадбиркорларга ер ажратиш таклиф этилмоқда. Паркентсой, Қизилсой ва Човлисойнинг муҳофаза ҳудудини аниқ белгилаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш орқали бўшайдиган ерлардан самарали фойдаланиш ҳам мумкин.

Янгийўл туманида “лойиҳа қиламан, инвестиция олиб келаман”, деган тадбиркорлар жуда кўп. Лекин лойиҳалар учун ер топиш муаммо. Шу боис ҳозирда бўш турган иншоотда озиқ-овқат ва гигиена маҳсулотларига ихтисослашган кичик саноат зонаси ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Чиноз туманида савдо-кўнгилочар мажмуа ва замонавий балиқ бозори барпо этиш, йўл бўйида савдо ва хизматларни кенгайтириш, хонадонларда иссиқхоналарни кўпайтириш каби имкониятлар ҳисоб-китоб қилинган.

Оққўрғонда саноат ривожланмагани сабабли кўплаб хотин-қизлар Тошкент шаҳри ва бошқа туманларга қатнаб, тўқимачилик корхоналарида ишламоқда. Шундай корхоналарни тумандаги бўш бинолар ўрнида ташкил қилиш режалаштирилган.

Ўзбекистон – Венгрия саноат зонаси ташкил этилади

Давлатимиз раҳбари туманлар иқтисодиётини соғломлаштириш бўйича чораларни кўрсатиб ўтди. Мутасаддиларга вилоятнинг барча ҳудудларини шундай таҳлил қилиб, қўшимча “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш, даромад манбаларини кўпайтириш вазифаси қўйилди.

Бу борада бир қатор режалар ҳам бор. Хусусан, Оҳангарон туманида Ўзбекистон – Венгрия саноат зонаси ташкил этилиб, 100 миллион долларлик лойиҳалар жойлаштирилади. Ангрен эркин иқтисодий зонасида маиший техника, металл прокат, мева-сабзавотни қайта ишлаш бўйича 400 миллион долларлик, “Элтех индустриал” технопаркида 260 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилади.

***

7 март куни Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллаларда аҳоли даромадини ошириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.

Жорий йил турли шаклларда 5 миллион аҳолининг бандлиги таъминланиши лозим.Йиғилишда бу алоҳида қайд этилди,  2 миллион кишини тадбиркорликка жалб этиш мақсад қилингани таъкидланди. Бунинг учун давлат томонидан ташкилий ва молиявий имкониятлар яратилган.

Хусусан, 16 триллион сўм ажратилган. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Маҳаллабай ишлаш агентлиги, Фермерлар кенгаши жамғармалари томонидан 1,4 триллион сўм йўналтирилади. Энди асосий вазифа имкониятларни жойларда самарали ишлатиб, аҳолига даромад манбаи яратиб беришдир.

Президент топшириғига мувофиқ, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол ва Шароф Рашидов туманлари мисолида бу борада тез натижа берадиган янги механизмлар ишлаб чиқилмоқда. Келгусида бу тизим барча ҳудудларда жорий этилади.

Иқтисодиёт ва молия вазири қандай таклифлар берди?

Йиғилишда Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Ж.Қўчқоров мазкур туманлардаги янги имкониятлар, уларни ишга солиш бўйича таклифларни баён этди.

Унга кўра, ҳар бир маҳаллага иқтисодий комплекс ташкилотлари раҳбарлари бириктирилади. Улар ўзи масъул бўлган маҳалладаги камбағал оилалар билан манзилли ишлаб, одамларнинг даромадини оширишга кўмаклашади. Арзон кредитлар, субсидия ва имтиёзли ресурслар, энг аввало, аҳолини камбағалликдан чиқаришга йўналтирилади. Яширин бизнес қонунийлаштирилиб, расмий иш ўрни кўпайтирилади.

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳам, маҳаллага масъуллар билан бирга, аҳоли хонадонларида сердаромад экин экишни ташкил қилади.

Янги ускуналар ва бозор талабларини маҳаллаларга етказиш орқали аҳолига даромадни оширишни ўргатиш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда вазирлар ва ҳокимларнинг ҳам фикрлари эшитилди. Вилоят ҳокимларига ривожланишдан орқада қолаётган туманларда намунали  ишларни ташкил этиш, ҳар бир маҳалла кесимида ишсизликни камайтириш чораларини кўриш топширилди.

***

ЎзХДП вакиллари нима дейди?

Бугун муаммоларга таслим бўлиш эмас, уларни енгиб ўтиш, ўсиш, ривожланиш, бирни икки қилиш ҳақида ўйлаш керак. Шундагина мураккаб дунёда муносиб ўрнимиз бўлади. Тараққиёт ўз-ўзидан келмайди, унга эришиш учун кўп чиғириқлардан ўтилади, муаммолар босқичма-босқич ҳал қилинади, вақти келганда кимгадир қаттиқ гапиришга тўғри келса, кимдир эса яхши ишлагани учун рағбатлантирилади. Энг муҳими, Президентимиз белгилаб берган вазифалар сидқидилдан, чин кўнгилдан бажарилса, ҳудудларда ўсиш, ўзгариш кузатилади, ўша жойдаги одамларнинг ҳам руҳи баланд, кайфияти кўтаринки бўлади. 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаоллари, депутатлари давлатимиз раҳбарининг таклиф ва ташаббуслари, кўрсатмаларидан келиб чиқиб, шу ҳақда режалари, вазифалари ҳақида фикр юритмоқда.

Акмал Умаралиев,

Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси:

 — Йиғилишда вилоятимиздаги айрим туманларнинг иқтисодий-ижтимоий ҳолати танқидий таҳлил қилинди, вазифалар белгиланди. Айтиш керакки, зиммамизга юклатилган вазифалар ниҳоятда масъулиятли. Уларни амалга ошириш учун мутасаддилар билан биргаликда депутатлардан ҳам, партия фаолларидан ҳам фидойилик ва қатъият талаб этилади. Муҳими, ташриф воҳа иқтисодиётини янада ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишни жадаллаштиришга катта туртки берди.

Тўғри, Тошкент вилояти иқтисодий томондан ривожланиш учун мос ҳудуд. Масалан, Паркент туманида туризм соҳасини, Янгийўл туманида тадбиркорликни ва саноат зонасини ривожлантириш, Чиноз туманида қишлоқ хўжалиги  ва замонавий балиқ бозорида савдо ва хизматларни кенгайтириш, Оққўрғонда тўқимачилик корхоналарини ташкил қилиш орқали катта ютуқларга эришиш мумкин, бунинг учун имкониятлар кўп.

Оддий бир мисол, Паркент тумани ўзининг бетакрор табиати кўпчиликни ўзига жалб қилиб келяпти. Тоза ҳаво, ям-яшил адирликларга маҳлиё бўлмаган одам йўқ. Сўқоқ сомсаси-ю, кабобининг мазаси оғизда қолади. Бу туризм учун яхши имконият дегани. Демак, ушбу ҳудудда аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасини янада ривожлантирсак, туризм учун ҳам йўл очилади. Имконият бор жойда шароит яратилса, бундан қанчадан-қанча инсонларга, оилаларга манфаат етади. Шунинг учун давлатимиз раҳбари туманлар иқтисодиётини соғломлаштириш бўйича чораларни аниқ кўрсатиб ўтди.

Бошланган ишлар, албатта, бажарилади, кўплаб енгилликлар олиб келади. Вилоятимиз аҳли, барча даражадаги мутасаддилар давлатимиз раҳбарининг кўрсатмалари, маслаҳатларидан келиб чиқиб, зиммасига юклатилган масъулиятли вазифаларни шараф билан бажариши лозим. Ҳозир биз ижтимоий-иқтисодий масалалар, белгиланган вазифалар ижроси бўйича депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш учун режаларимизни тузиб оляпмиз.

Коммуна Шерматова,

Чиноз тумани Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари,

халқ депутатлари Чиноз туман кенгашидаги ЎзХДП депутати:

Лойиҳа ва дастурларни мутасаддилар, тадбиркорлар ҳамда вилоятимиз аҳли албатта уддалайди, деб ўйлайман. Қувонарлиси, барча ишларни амалга ошириш учун маблағ бор, коммунакация бор, уни бажарадиган жой ҳамда ишчи кучи бор, тиллога тенг ер бор. Борини кўпайтириш, йўғини эса йўндириш орқалигина янги марраларни забт этиш имкони юзага келади.

Йиғилишда хотин-қизлар ва ёшларни касбга ўқитиш ҳамда бандлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Касбимиз тақозоси сабабли кўп хотин-қизлар билан суҳбатлашдим, уларнинг дардига қулоқ тутдим. Минг афсуски, биздаги аёл киши уйда ўтириши керак, деган жуда нотўғри қарашлар сабаб турли тўсиқлар, муаммолар ҳамон учраб турибди. Қайсидир ҳунар қўлидан келадиган, қизиқиши, истеъдоди бор аёлларимиз кўп, аммо уларнинг орасида иш бошлаш, кредит олишга қўрқадиганлари ҳам талайгина. Ҳозир оилалардаги бундай нотўғри тушунчалар, аёллар қўрқувни енгиши учун яқиндан кўмак берилмоқда.

Масалан, Тошкент  вилояти тадбиркорлик маркази томонидан 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида 16478 нафар бандлиги таъминланмаган, узоқ муддат бола парваришлаш таътилида бўлган, мушкул иқтисодий аҳволга тушган аёллар тадбиркорлик ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитилди. 1820 нафар аёлларга ўз ишини ташкил этиши учун кўмаклашилди, 56 нафар фаолиятини бошлаётган тадбиркор хотин-қизларга маҳаллалардаги бўш турган бинолардан жой ажратилишига яқиндан кўмак берилди.

Тошкент вилоятининг туман ва шаҳарларидаги имкониятларни тўлиқ ишга солиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган йиғилишда давлатимиз раҳбари вилоятимиз учун кўпдан-кўп амалий ва истиқболли режаларни айтди. Эндиликда янги лойиҳалар ишга туширилар экан, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ишлари янада кўпаяди.

Асосийси, боқимандалик кайфиятини бартараф этиш, ишсизларга имкон бериш, имкони борларни эса рағбатлантиришга эришилади. Банд одамнинг ҳаётида мазмун бўлади, эртанги кунга ишончи бўлади, ҳуқуқбузарлик ва турли ёмон нарсалардан, хаёллардан, ахборот хуружларидан ҳимояланади.

“Ўзбекистон овози” мухбири

Лазиза Шерова тайёрлади.

Leave A Reply