ЖУРНАЛИСТЛАР УЧУН МУҲИМ ҚЎЛЛАНМА

0 27

Қарийб 40 йилга яқин журналистика соҳасида ишлаб кўп тадбирларда қатнашганман. Ана шу жараёнларда баъзи ҳамкасбларимиз воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятига етмасдан, билиб-билмай нотўғри талқин қилиб ёритилган ҳолатлар кўп учраган. Шунда ҳижолат чекиб, журналистларнинг касбга оид билимларини оширадиган зарур қўлланма кераклигини кўп ўйлаганман.

Куни кеча таниқли журналист ва ҳуқуқшунос Олимжон Ўсаровнинг “Оммавий ахборот воситалари ва ахборот хизматлари: назария ва амалиёт” ўқув қўлланмасини ўқиб кўргач, бу биз учун ниҳоятда муҳим соҳавий адабиёт эканига амин бўлдим.

Мазкур қўлланмада ҳозирги даврда оммавий ахборот воситалари ва ахборот хизматларининг ўрни ҳамда роли, ўзига хос хусусиятлари, бугунги ҳолати ва истиқболлари, хусусан, ОАВ ва суд ҳокимияти муносабатларининг ҳуқуқий асослари, судлардан ахборот олиш, тарқатиш муаммолари чуқур таҳлил қилинган.

Бундан ташқари, журналист маҳорати, этикаси масалалари, сиёсий партияларнинг ғоя ва мақсадлари тарғиботи, давлат органлари, жумладан, парламентда журналистларни аккредитация қилишнинг зарурати, пресс-конференция ўтказиш, пресс-релиз ёзиш тартиб-тамойиллари тадқиқ этилган. Бу борадаги илғор халқаро тажриба ўрганилган.

Муаллиф қайд этганидек, бугунги кунда яна бир муҳим масала, оммавий ахборот воситалари соҳасидаги қонун хужжатларига шарҳ берилишга эҳтиёж мавжуд. Чунки, кўп ҳолларда ахборот сўралган органлар ва мансабдор шахслар оғзаки мурожаатга зудлик билан жавоб бериш кераклигини унутиб қўйишмоқда.

Яна бир масала шуки, журналистларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш долзарб муаммолардан биридир. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, кўпчилик журналистлар қонунда белгиланган ҳуқуқларини тўлиқ билмайди.

Олимжон Ўсаровнинг журналистика факультетларида суд-ҳуқуқ соҳасини ёритишга ихтисослашган журналист кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш, таҳририятларда уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга жиддий эътибор қаратиш каби қатор таклифлари мақтовга лойиқ.

Бир сўз билан айтганда, мазкур ўқув қўлланмани матбуот, радио, телевидение ва ижтимоий тармоқларда фаолият олиб бораётган ҳамкасбларимиз ўқиб-ўрганиши, ўз фаолиятларида самарали фойдаланишлари лозим, деб биламиз.

Равшан ШОДИЕВ.

Leave A Reply