МИЛЛИОНЛАБ ҲАМЮРТЛАРИМИЗНИНГ РУҲИ КЎТАРИЛАДИ

0 20

Ҳаёт бор экан, янгиланишга эҳтиёж сезилаверади. Йилдан-йилга кўпроқ эътибор қаратилаётган йўналишлардан бири, шубҳасиз, ижтимоий соҳадаги ислоҳотлардир.

Жори йил … феврал куни давлатимиз раҳбари раислигида ижтимоий соҳадаги ислоҳотларнинг муҳокама этилиши ва устувор вазифаларнинг қатъий белгилаб берилиши аҳолини ниҳоятда мамнун этди, руҳиятини кўтарди. Эҳтиёжмандларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, ишли, уй-жойли бўлишига имконият яратишдек улуғвор мақсадлар қанчадан-қанча юртдошларимизнинг кўнглига ёруғлик олиб кирди, эртасига ишонч билан одимлаши учун яна бир туртки бўлди, десак адашмаймиз.

Халқ демократик партиясининг асосий ғоялари ҳам инсон ҳимояси, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглиги  билан боғлиқдир. Давлатнинг халқимиз олдидаги мажбуриятлари ортиши партиямиз учун принципиал аҳамиятга эга. Шунинг учун партиямиз ижтимоий соҳадаги ислоҳотларни фаол қўллаб-қувватлайди.

Парламент қуйи палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоларининг фикрлари ҳам буни яққол исботлаб турибди. 

Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Одамлар бугун яхши яшашни исташи ҳақидаги фикрга тўлиқ қўшиламан. Шу асосга кўра, юртимизда кейинги йилларда ижтимоий муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш, муносиб турмуш шароитини яратиш бирламчи эътибор қаратиб келинмоқда.

Айниқса, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 1-моддасида Ўзбекистон — ижтимоий давлат экани белгилаб қўйилди.

Ўтган қисқа даврда ижтимоий сиёсат йўналишида қабул қилинган қонунлар сони икки баробар кўпайди. Бу борада 1992-2016 йилларда 24 та қонун қабул қилинган бўлса, 2017-2024 йилларда бу кўрсаткич 44 тани ташкил этмоқда.

Президентимиз раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ижтимоий хизмат ва ёрдамни маҳалла даражасида ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.

Биринчи навбатда бу йўналишда ишларни ташкил этиш бўйича аниқ топшириқлар берилиб, ногиронлиги бўлган шахсларга ишлаш ва касб-ҳунарга ўқишда тўсиқсиз муҳит яратиш учун уларнинг “меҳнатга лаёқатини белгилаш” амалиётидан воз кечилиши айтиб ўтилди. Бу борада ногиронлик касалликка қараб эмас, балки шахснинг мустақил ҳаракати, мулоқот қобилияти ва ижтимоий ҳаётдаги иштирокига қараб белгиланиши айни муддао бўлди.

Жорий йил 1 июндан бошлаб ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини аниқлаш тартиби ва улар билан ишлаш тизими ўзгаради. Бунда эҳтиёжманд тоифани аниқлаш бўйича мезонлар ишлаб чиқилади ва уларнинг айнан қандай ёрдамга муҳтожлиги аниқ белгилаб берилади. Энг муҳими, муҳтожларнинг ҳар бири бўйича индивидуал ижтимоий хизматлар дастури бўлади.

Шу билан бирга, хонадонга “маҳалла еттилиги”нинг қайси вакили киришидан қатъи назар, оиладаги муаммо ва имкониятлар аниқланиб, “ижтимоий портрети” чизилади. Ёрдамдан сўнг хонадонда нима ўзгаргани мониторинг қилиб борилади.

Йиғилишда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш, бу янги тизимни жойларда самарали ишлатиб, муҳтож инсонларга мадад ва умид бағишлашдек эзгу йўлда ҳар биримиз, жумладан, биз депутатлар ҳам бел боғлашимиз керак. Белгилаб берилган вазифалар ижросини ўз вақтида таъминлаш юзасидан таъсирчан парламент ва депутатлик назоратини ўрнатишимиз лозим.

Дилбар МАМАЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Йиғилишида ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасида ташкил этиш, ижтимоий хизмат ва ёрдамларни комплекс ёндашув асосида кўрсатиш, ижтимоий ҳимоянинг манзиллилиги ва самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан буён ижтимоий хизматлар маҳалла даражасида манзилли, шаффоф ва адолатли ташкил этилади. Маҳаллада ижтимоий хизматлар кўрсатиш электрон платформаси ишлаб чиқилиб, у орқали “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” платформалари ўзаро интеграция қилинади.

Янги тартибга кўра, ёрдамга муҳтож аҳоли вакилларини ижтимоий ҳимоялаш тизими маҳалла даражасига туширилмоқда. “Мурувват” уйлари ва Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларида ижтимоий хизматларни мобил ва кундузги қатнов шаклида кўрсатиш йўлга қўйилади.

Келгуси йилдан 40 та туманда реабилитация, соғломлаштириш ва ногиронлиги бор шахсларга қарайдиганларни ўқитиш бўйича кўп тармоқли ижтимоий хизматлар марказлари иш бошлайди. Бу орқали яна 60 минг эҳтиёжманд аҳоли ижтимоий хизматлар билан қамраб олинади.

Нафақа олаётган, аммо меҳнат қилиб, даромад олиш истагида бўлган 660 минг нафар аҳоли учун зарур шароит яратилиши шунча одамнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги яхшиланишига хизмат қилади. Шунингдек, “Темир дафтар”ларни юритиш тўлиқ Ижтимоий ҳимоя агентлигига ўтказилиб, “Саховат ва кўмак” жамғармасидан бир марталик ёрдам олиш учун оилаларни ушбу дафтарга киритиш талаби бекор қилинади.

Эндиликда нафақа олувчилар рўйхатига, биринчи навбатда, ногиронлиги бор, ота-онаси йўқ, боқувчисини йўқотган, касаллиги ва бошқа сабабга кўра узоқ муддат ишлай олмайдиган оилалар киритилади. Бошқа фуқароларни “ижтимоий реестр”га киритишда, уларнинг фақат даромади эмас, балки харажатлари ҳам баҳоланади.

Ўтган қисқа даврда кам таъминланган, ёрдамга муҳтож, ёлғиз, ногиронлиги бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш бўйича салмоқли ишлар қилинди. Бу ўзгаришларни юртдошларимиз ўз ҳаётида сезаётганини, ҳис этаётганини ҳаммамиз кўриб турибмиз.

Энди йил якунигача одамларга протез воситаларини бериш, нафақа ва қаровсиз қолган болаларга васийликни расмийлаштириш, ўзгалар парваришига муҳтож кексаларни ёлғиз, деб эътироф этиш каби 49 та ижтимоий хизмат маҳаллагача туширилаётгани минг-минглаб фуқароларимизнинг айни дилидаги гап бўлди.

Умуман, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси ижтимоий ҳимоя тизимида аниқлик, шаффофлик ва адолатни таъминлашга хизмат қилади. Зотан, ёрдам олган инсон ҳаётга қайтишга интилсин, ўзини жамиятнинг ҳақиқий аъзоси, деб ҳис қилсин. Ҳаммамиз шунга интилишимиз зарур.

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Ўзбекистон, том маънода, ижтимоий давлатга айланаётганини кўрсатмоқда. Бинобарин, айни йўналишдаги ўзгариш ва янгиликлар минглаб оилалар, қачадан-қанча юртдошларимизни қувонтиргани рост.

Кейинги йилларда давлатимиз бюджет харажатларининг асосий қисми ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда. Жумладан, жорий йилда Давлат бюджети жами харажатларининг қарийб 50 фоизи ёки 151,5 триллион сўми таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, фан, маданият ва спортни ривожлантириш, эҳтиёжмандларни уй-жой билан таъминлаш ва бошқа ижтимоий тадбирларга йўналтирилади.

Видеоселектор йиғилишида тизимни тубдан ислоҳ қилиш, ижтимоий ёрдамнинг манзиллилиги ва натижадорлигини таъминлаш зарурлиги таъкидланиб, бу бўйича устувор вазифалар белгиланди.

Ҳозир фақат 28 туман маҳаллаларида ижтимоий ходимлар фаолият юритаяпти. Жорий йилнинг 1 июнига қадар юртимизда мавжуд барча маҳаллаларда уларнинг фаолиятини ташкил қилиш вазифаси топширилди.

Одамларга протез воситаларини бериш, нафақа ва қаровсиз қолган болаларга васийликни расмийлаштириш, ўзгалар парваришига муҳтож кексаларни ёлғиз, деб эътироф этиш каби 49 та ижтимоий хизмат маҳаллагача туширилиши маҳалладаги ижтимоий ходимларга катта масъулият ва жавобгарлик юклайди.

Дарҳақиқат, эҳтиёжманд оилалар манзилли ўрганилса ҳамда маҳалла аҳолиси хабардор бўладиган шаффоф тизим яратилса, ҳар бир ижтимоий хизматга индивидуал ёндашилса, мониторинги олиб борилса, албатта, ёрдам ҳақиқий муҳтожларга етиб боради. Бу эса пировард мақсад – камбағалликни қисқартиришга замин яратади, иқтисодий ночор аҳволга келиб қолганларнинг ўзини “ўнглаб” олишига сезиларли таъсир кўрсатади.

Йиғилишда ногиронлиги бўлган шахсларга “тўсиқсиз ҳаёт” яратиш  билан боғлиқ долзарб масалаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Бино ва иншоотларни қуриш лойиҳаcи ногиронлиги бўлганлар учун қулай муҳит яратилганлиги бўйича ҳам мажбурий экспертизадан ўтказиши, жамоат транспорти, бекатлар ва чорраҳаларда улар учун тўсиқсиз муҳит яратиш чоралари кўрилиши белгиланди. Шубҳасиз, ушбу янги тизимнинг амалга оширилиши ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятга интеграциялашувини осонлаштиради.

Депутатларнинг фикрларидан шундай хулоса қилиш мумкин: жамиятга қўшилиб, ҳаётини изга солган инсонлар қанча кўпайса, Ватанимиз янада қудратли бўлади.

“Ўзбекистон овози” мухбири

Лазиза Шерова ёзиб олди.

Leave A Reply