“ФАРМАЦЕВТ”ГА АЙЛАНГАН ОШПАЗ

0 21

Бири ошпаз, иккинчиси МЧЖда катта назоратчи, учинчиси эса омбор мудири бўлиб ишловчилар ўзаро тил бириктириб, дори воситаларини ноқонуний сотишни режа қилишган.

Учовлон 2023 йил 27 сентябрь куни Юнусобод туманидаги 1- сонли болалар юқумли касалликлар шифохонаси олдида белгиланган тартибда сақланмаган, аслида инсон иммунитетини оширишга ҳамда бошқа ҳамроҳ касалликларни даволашда ишлатиладиган, Россия Федерациясида ишлаб чиқарилган, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли муассасаси томонидан расмийлаштирилмаган уч дона дори қутисини 2.100.000 сўмга сотишган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланган.

Шахс Г.Т. нинг кўрсатмаси асосида тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг Чилонзор туманидаги уйида яна уч дона шундай дори ашёвий далил сифатида олинган. Улар Вазирлар Маҳкамасининг карори билан тасдиқланган ”Дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализция қилиш тартиби тўғрисида”ги низоми талабини қасддан бузишган.

Ваҳоланки, республика ҳудудида дори воситалари ва тиббий буюмларни дорихоналардан ташқари сотиш, сертификатсиз чакана реализация қилиш тақиқланган.

Қонун ва қарор талабини бузиб, ноқонуний фаолият тури билан шуғулланган Г.Т ва унинг икки шериги суд олдида жавоб берди.

Судланувчилар суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлиб, фойда олиш учун қинғир ишга қўл уришганлигини, қилмишидан пушаймонлигини билдиришди.

Суднинг ҳукми билан уларнинг ҳар бирига бир йил синов муддати белгиланди. Агар улар шу даврда суд юклаган мажбуриятни бажармаса, оқибати ҳақида ҳам тушунтириш берилди.

Пул топаман деб “фармацевт”га айланган ошпаз, омбор мудири ва назоратчи бугун афсусда.

Азимжон ҲАКИМОВ,

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг судьяси.

Leave A Reply