ОТА-ОНАЛАР, ТЎХТАНГ ВА БОШЛАНГ!

0 22

Япон олимлари боланинг кўр бўлиб қолиши учун мунтазам телефондан фойдаланишнинг 3 йили етарли, деб таъкидлашмоқда. Хабарни ўқиб, ақлим шошди, хавотирим ортди.

Бола доим кўрганини қилади. Ота-онаси телефонда банд бўлса, бола ўзини жуда ёлғиз сезади. Болани телефондан асраш учун ота-онанинг ўзи намуна бўлиши керак!

Ҳар бир инсон яшаш тарзини ўзи тўғри йўлга қўйиши керак. Ишлашнинг ҳам, яшашнинг ҳам ўз вақти бўлади. Агар ҳаёт фақат ишдан иборат бўлиб, оилага вақт ажратилмаса, демак, бу инсоннинг ўзида муаммо бор. Ҳаддан ортиқ кўп ишлаш, пул топишим керак, деб доимий хавотирланиш – психологик муаммо.

Мутахассислар 3 ёшгача бола онаси билан иложи борича кўпроқ бирга бўлиши керак, кейин бирор фойдали машғулот (спорт, тўгараклари) билан банд қилиш ёки энага ёллаш мумкин, деб маслаҳат беришади.

Болаларнинг телефондан фойдаланишини назорат қилиш тобора қийинлашмоқда. Болалар турли баҳоналар билан яна ва яна телефонга ёпишадилар. Ўйин дастурларининг хилма-хиллигига қарамай, смартфон ўйинчоқ эмас.

Гаджетлардан фойдаланишни бошлаганданоқ, болани улардан тўғри фойдаланишга ўргатиш муҳим, хусусан, юз ва смартфон экрани орасидаги масофани камида 30 см сақлаш керак.

Телефонлардан фойдаланишда боланинг ёшига қараб, маълум вақт чекловлари мавжуд:

3-5 ёш – 15 дақиқагача;

6-5 ёш – 20-25 дақиқа;

8 ёш – 40 дақиқа;

9-10 ёш – қисқа танаффуслар билан бир ярим соатдан ошмаслиги керак.

Кўриш қобилияти 35 фоиз пасайган

Буюк Британия мутахассисларининг тадқиқотларига кўра, тугмачали телефонлар жорий қилинганидан бери одамларнинг кўриш қобилияти 35 фоизга пасайган, бу яқиндан яхши кўрмайдиган беморларнинг кўпайишига олиб келди. Агар кўриш қобилиятининг бузилиши шу тенденцияда кетадиган бўлса, 2035 йилга келиб кўриш қобилияти паст бўлган беморлар сони 50 фоиздан ошади. Бутун дунёда нафақат кичик ёшдаги болалар, катталар, ҳаттоки кўз шифокорлари ҳам телефонларнинг салбий таъсирига дучор бўлишмоқда.

Телефон ўйинчоқ эмас

Болалар танаси техниканинг салбий таъсирига катталарга қараганда эртароқ дуч келишмоқда. Ўсаётган бола тана аъзоларига ҳар қандай салбий таъсир зарарли бўлиши мумкин. Мониторга узоқ муддатли қараш (3 соатдан ортиқ), хавфсиз масофага риоя қилмаслик, кўзлар учун мунтазам машқнинг етишмаслиги каби ҳолатлар болалар кўриш қобилиятига салбий таъсир этади.

Нисбатан кичик экран, кичик ҳарфлар ва рақамлар, шунингдек, энг қизиқарли расмларнинг майда деталлари бола кўзларини кўпроқ чарчатади. Шунга асосланиб, биз жуда оддий хулосага келишимиз мумкин: экран диагонали қанчалик кичик бўлса, боланинг кўзига салбий таъсири шунчалик кучлироқ бўлади.

Соҳа экспертларининг асосли хулосаларига кўра, соғлиқнинг 50 фоиздан кўпроғи турмуш тарзимизга, яъни бевосита ўзимизга боғлиқ экан. Ҳар нарсада меъёр сақлаган ҳолда, ўзимиз ва фарзандларимиз соғлиғига эътиборли бўлайлик.

Мадина ҚАҲҲОРОВА

Leave A Reply