КАТТА МАСАЛАЛАРГА КАТТА ҚОНУНЛАР

0 21

Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг февраль ойи якунидаги яна бир йиғилиши бўлиб ўтди. Мажлисда ҳам инсонийлик, ҳам демократик нуқтаи назардан муҳим концептуал масалалар муҳокамадан ўтди.

Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Лойиҳа мазмуни билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров таништирди.

Айтилишича, қонун лойиҳасида болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлар, уларнинг ваколатлари аниқ белгилаб берилмоқда.

Амалдаги қонунчилигимизда болаларга нисбатан зўравонлик жисмоний, жинсий, руҳий каби учта шакли мавжуд эди. Таклиф этилаётган лойиҳа билан ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация, буллинг сингари зўравонлик шакллари билан тўлдирилмоқда.

Янги институт жорий қилиниши ҳам кўзда тутилмоқда. Яъни, эндиликда болаларга ҳам ҳимоя ордери бериш таклиф этилмоқда. Бунда ордер ваколатли орган томонидан зўравонликдан жабрланувчининг қонуний вакилига ёки болани ўз қарамоғига олган бошқа шахсга ҳамда зўравонликдан жабрланувчининг ўзига берилади.

Бундан ташқари, лойиҳада болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишда ота-оналарнинг иштироки ва уларнинг мажбуриятлари белгилаб қўйилмоқда.

Жумладан, ота-оналар болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиши, уларга ғамхўрлик кўрсатиши ҳамда зарарли таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоя қилиши шартлиги, болаларни тарбиялашда уларни жисмоний жазолаш тақиқланиши назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасида таълим ташкилотларида болаларга нисбатан зўравонликка йўл қўйилмаслиги, таълим муассасаларида интизомий жазо чораси сифатида зўравонликнинг ҳар қандай шакли, шу жумладан жисмоний жазо ва бошқа шафқатсиз хатти-ҳаракатларни амалга ошириш ёки қадр-қимматни камситувчи муомалани қўллашга йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланмоқда.

Яна шуни ҳам таъкидлаш керакки, етим, назоратсиз, ақлий ривожланишда нуқсони бор, фоҳишалик, тиланчилик билан шуғулланаётган болалар зўравонлик хавфи остида бўлган болалар тоифалари сифатида қонун лойиҳасида аниқ белгилаб берилган.

Муҳокамада қуйи палатадаги сиёсий партиялар фракциялари ҳам ўз позицияларини билдиришди. Жумладан, Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов шундай деди:

Бугун Ўзбекистонда болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг таълим-тарбияси, соғлиги ва келажакда давлатимизнинг таянчи бўлиши учун барча шароитлар яратилмоқда. Умуман, кейинги йиллардаги қонунчилик хужжатлари ҳам ёшларга эътибор давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири эканини яққол кўрсатмоқда. Шу нуқтаи назардан бугун муҳокамага киритилган қонун лойиҳасига ҳам ушбу сиёсатнинг узвий давоми сифатида қарашимиз керак.

Ўтган йили қабул қилинган янги Конституциямизда оила, болалар, ёшларга бағишланган алоҳида боб қўшилди.  Хусусан, 78-моддада боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбурияти эканлиги белгилаб қўйилди.

Мазкур қонуннинг алоҳида жиҳатларини таъкидлаб ўтишимиз керак.

Биринчидан, давлат сиёсатини белгилаб бермоқда.

Иккинчидан, маъсул ваколатли органни белгилаб бермоқда.

Учинчидан, зўравонликка учраган болаларни ҳимоя қилиш механизми яратилмоқда.

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг асосий ғояси бўлган ижтимоий тенглик ва ижтимоий адолат принципларига асосан ишлаб чиқилганини эътироф этган ҳолда, фракциямиз лойиҳани биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқуллаб, барча депутатларни қўллаб-қувватлашга чақиради.

Якунда қонун лойиҳаси маъқулланди.

3 МИЛЛИОНДАН ОРТИҚ ҲУҚУҚ МАСАЛАСИ

Шу куни мажлисда яна бир йирик қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокамадан ўтказилди.

Бу ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этишга қаратилган қонун лойиҳаси эди.

Лойиҳа билан таништирган адлия вазири ўринбосарининг таъкидлашича, 2018-йилда Президентимизнинг тегишли фармонига мувофиқ ўтказилган бир марталик умумдавлат акцияси доирасида 621 минг нафардан ортиқ фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасида тегишли рухсатномасиз қурилган уй-жойларига нисбатан эгалик ҳуқуқи эътироф этилиб, уларга кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб берилган.

Шунга қарамасдан, бугунги кунда 3 миллиондан ортиқ фуқаронинг рухсатномасиз қурилган уй-жойларга нисбатан эгалигини белгилаш масаласи қонуний ечимини кутаётган экан.

Ўйлаб қаралса, бу Ўзбекистон аҳолисиниг деярли 10 фоизи ўзи яшаб турган уй-жойига нисбатан эгалик ҳуқуқи қонуний тартибда белгиланмаганлигини англатади. Биргина шу хулосанинг ўзи қонун лойиҳасининг концепцияси қанчалик муҳим ва долзарблигини англашимиз учун кифоя.

Қонун лойиҳаси 37 моддадан иборат бўлиб, ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш назарда тутилмоқда.

Унга кўра,

–  2018 йил 1 май кунига қадар фуқаролар томонидан якка тартибдаги уй-жой қурган ҳолда ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотлар;

– 2018 йил 1 май кунига қадар фуқаролар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва резидент юридик шахслар томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ажратилган ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилган майдондан ортиқча эгалланган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотлар;

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан ташкил этилган Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссиялари томонидан фуқароларнинг ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкин, деб топилган ҳолатлар;

– 2021 йил 8 июнь кунига қадар туман (шаҳар) ҳокимлари қарори билан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ фуқаролар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва резидент юридик шахсларга ажратилган, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқлаш масаласи ўз вақтида кўриб чиқилмаган ер участкаларига, бундан ер участкасида икки йил мобайнида бино ва иншоот қурилмаган ёки қурилиши бошланмаган ҳамда мақсадсиз фойдаланилган ҳолатлар мустасно;

– боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойлар ҳамда улар эгаллаган ер участкаси;

– 2020 йил 9 мартга қадар кичик саноат зоналари ҳудудига жойлаштирилган тадбиркорлик субъектларининг бино ва иншоотлари (ёки уларнинг қисмлари) жойлашган ер участкаси;

– хусусийлаштирилган кўчмас мулк объектлари, хусусан, бино ва иншоотлар ҳамда якка тартибдаги турар жойлар эгаллаган ер участкаси;

– фуқаролар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва резидент юридик шахсларнинг қонунчиликка мувофиқ мулк ҳуқуқи эътироф этилган бино ва иншоотлари ҳамда якка тартибдаги уй-жойлари эгаллаган ер участкалари кабиларга тадбиқ этилади.

Лойиҳада 2018 йил 1 май кунига қадар фуқаролар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва резидент юридик шахслар томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ажратилган ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилган майдондан ортиқча эгалланган ер участкаларига фақат ижара ҳуқуқи, унда қурилган бино ва иншоотларга мулк ҳуқуқи эътироф этилган. Бунда ижара муддати якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ер участкалари учун тўқсон тўққиз йил, бошқа ер участкалари учун қирқ тўққиз йил этиб белгиланмоқда.

Ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини эътироф этиш учун бир марталик тўлов ундирилади. Тўлов миқдори Тошкент шаҳрида – базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари, вилоятлар бўйсунувидаги бошқа шаҳарларда – базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари, бошқа аҳоли пунктларида – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари этиб белгилаш назарда тутилган.

Шу билан бирга, бир марталик тўловни  I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар тўлашдан озод этилган бўлса, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган шахслардан тўловнинг
50 фоизи
ундирилиши кўзда тутилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, қонун лойиҳаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига нисбатан ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган уй-жой бошқа бино ва иншоот ёки кўчмас мулк объектларига нисбатан мулк ҳуқуқи расмийлаштилиши учун ҳуқуқий асослар яратилишига хизмат қилади.

Депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллаши билан бирга, ўз таклифларини ҳам айтишди. Жумладан, палата спикери қонуннинг номи ҳақида ўйлаб кўриш керак, баъзиларга яшаётган ери ота-бобосидан қолган, уларнинг бутун авлоди шу жойда яшаб келган, шундай фуқаролар учун “ўзбошимчалик”, деган сўз сал нотўғрироқ бўлиб қолади, яъни кимнингдир нафсониятига тегиб қўйишимиз мумкин, деган фикрни билдирди.

Депутатлар лойиҳани бир овоздан маъқуллашди.

Кўриниб турибдики, иккала қонун лойиҳаси ҳам долзарблиги жиҳатидан ҳуқуқий давлатчилик асослари ва жамият фаровонлиги учун жуда ҳам муҳим. Бу лойиҳаларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши миллат генофонди бўлган ёшларга эътиборни ҳам, миллионлаб фуқароларнинг уй-жойларига нисбатан эгаликни белгилаш масаласи ҳам қонуний тартибга солинишини англатади.

Аҳмад Қурбонов,

“Ўзбекистон овози” мухбири

Leave A Reply