ФРАНЦИЯДА ПОРЛАЁТГАН ЎЗИМИЗНИНГ ЮЛДУЗ

0 23

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий ўйинчисига айланиб улгурган Абдуқодир Ҳусанов айни пайтда Франциянинг “Ланс” жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда. 2023 йилнинг энг яхши футболчиси унвонини қўлга киритган футболчи, ўзининг ўйини орқали кўплаб футбол мутахассислари ва мухлисларининг олқишига сазовор бўлиб келяпти.

“От изини той босар”

Абдуқодир Ҳусановнинг отаси Ҳикмат Ҳошимов ҳам бир вақтлар Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида ҳимоячи сифатида тўп сурган. Жамоа таркибида Осиё Кубогида ҳам иштирок этган. Фаолияти давомида “Дўстлик”, “Сўғдиёна”, “Локомотив”, “Андижон”, “Насаф” ва “Бунёдкор” клублари шарафини ҳимоя қилган. Ўзбекистон чемпионатида 300 га яқин ўйин ўтказган. Отадан ўтган жанговарлик ҳислати Абдуқодир Ҳусановни болалигидан кучли жисмоний ҳолатда тарбия топишига ёрдам бергани табиий.

Европадаги илк жамоа

Абдуқодир Ҳусанов “Бунёдкор” клуби тарбияланувчиси. У клубнинг 18 ёшгача бўлган ёшлар тоифасида ўйнаган. 2022 йил март ойида эса Беларуссиянинг “Энергетик-БГУ” клубига кўчиб ўтади. Жамоадаги дебютини 2022 йил 19 март куни “Витебск”га қарши ўйинда ўтказади. 2022 йилнинг август ойида Ҳусанов Халқаро спорт тадқиқотлари маркази маълумотларига кўра, дунёнинг энг истиқболли футболчилари рўйхатига киритилган. Мавсум якунида ҳимоячи Олий лиганинг кумуш медали соҳибига айланади ва чемпионатнинг рамзий терма жамоасига киритилади. 2023 йилнинг апрель ойида футболчи 20 ёшгача бўлган энг истиқболли футболчилар рўйхатидан жой олди ва у ерда ҳимоячилар орасида 15-ўринни эгаллади.

Францияга йўл

2023 йил июль ойида оммавий ахборот воситалари Франциянинг “Ланс” клуби футболчига қизиқиш билдиришди. Кейинчалик футболчининг француз клуби билан шартнома тузишга яқин қолгани ҳақида ҳам маълумотлар пайдо бўлди. Ҳусанов 2023 йил 21 июль куни расман “Ланс”га келиб қўшилди ва клуб билан тўрт йиллик шартнома имзолади. У клубдаги дебютини 2023 йилнинг 16 сентябрь куни “Метз” клубига қарши ўйинда ўтказди ва майдонга асосий таркибда тушди. Футболчи УЕФА Чемпионлар Лигасидаги дебют учрашувида 2023 йилнинг 29 ноябрь куни Лондоннинг “Арсенал” клубига қарши ўйинда иштирок этди. 2023 йил якунларига кўра эса футболчи Ўзбекистоннинг энг яхши ёш футболчиси деб топилди.

Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионлиги

Абдуқодир дастлаб 17 ёшгача бўлган Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида ўйнаган. 2022 йилнинг июнь ойида у Ўзбекистон У-19 терма жамоаси сафида дебют қилди ва Беларус терма жамоаси билан 2 та ўртоқлик ўйинида қатнашади. 2022 йилнинг сентябрь ойида ҳимоячи Ўзбекистон У-20 ёшлар терма жамоасига чақирув олади. 2023 йилнинг март ойида футболчи Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси билан биргаликда У-20 Осиё чемпионатида иштирок этади. Футболчи терма жамоа билан биргаликда гуруҳда биринчи ўринни эгаллайди ва плей-офф босқичига йўл олади. 2023 йил 11 март куни бўлиб ўтган чорак финал учрашувида Австралия терма жамоасини пенальтилар сериясида мағлуб этиб, турнирнинг ярим финалига чиқади. Ушбу ғалабадан сўнг, Абдуқодир жамоаси билан ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритади. Ярим финал учрашувида ҳам Жанубий Корея термасини пенальтилар сериясида мағлуб этган Ўзбекистон ёшлар жамоаси турнир финалчисига айланади ва чемпионлик баҳсида Ироқ терма жамоасини мағлуб этади. Ёшлар жамоаси билан Аргентинада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида қатнашган Ҳусанов терма билан чорак финалга қадар етиб боришга муваффақ бўлади. 

Миллий жамоанинг келажаги

Абдуқодир 2023 йилнинг июнь ойида Ўзбекистон миллий терма жамоасига ФАCА кубогида иштирок этиш учун чақирув олади. У 2023 йил 11 июнь куни Уммон терма жамоасига қарши ўйинда 83-дақиқада Фарруҳ Сайфиев ўрнига майдонга тушади. Миллий терма жамоа билан биргаликда у ФАCА Cуп финалига чиқади, жамоа билан биргаликда турнирнинг кумуш медал соҳибига айланади. Терма жамоа финалда Эронга имкониятни бой беради. 2024 йилнинг январь ойида футболчи терма жамоа билан Осиё Кубогининг финал босқичига йўл олади. Йигирма ёшида жамоанинг асосий ҳимоячисига айланиб улгурган футболчи, Осиё Кубоги доирасида учта учрашувда иштирок этди ва барча баҳсда ишончли ўйин намойиш этди. Мусобақада ғалабани тантана қилган араблар чорак финалда Ўзбекистон термасини пенальтилар серияси эвазига ортда қолдиришга муваффақ бўлди. Ўйин давомида устунликка эга бўлган “Бўрилар” афсуски, омад лотереясида рақибларига имкониятни бой бериб қўйишди. Мазкур баҳсда сариқ карточкалари сабаб иштирок эта олмаган Абдуқодир Ҳусановнинг йўқлиги жуда билинди. Бу унинг Осиё Кубокларида илк иштироки эди.

Ҳали йигирма ёшга ҳам тўлиб улгурмаган футболчи Ўзбекистон терма жамоасидаги асосий юлдузлардан бирига айланиб улгурди ва жамоанинг келажаги дея эътироф этилмоқда.

Жамшид АМИРОВ

Leave A Reply