МУЗРАБОТ ҲОКИМИ ЭШИТИБДИ

0 22

Газетамизнинг 2023 йил 29 ноябрь сонида “Музработ туман ҳокими эшитадими?” сарлавҳали мақола эълон қилинганди.

Унда тумандаги “Меҳнатобод” ҳамда “Нурли ҳаёт” маҳаллаларидаги 350 дан ортиқ хонадон томорқаларига қарийб 10 йилдан буён сув бормаётгани ҳақида сўз юритилган. Уч-тўрт йил олдин қурилган бетон ариқ сифатсиз таъмирлангани учун боғбонлар, чорвадорлар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари қийналаётгани хусусида фикр-мулоҳаза билдирилганди. Мутасаддилар қисқа муддатда масала ижобий ҳал қилинишига ваъда берганди.    

Орадан икки ойдан ортиқ вақт ўтди. Бугунги ҳолат қандай? Муаммо ҳал бўлиб, одамларнинг кўп йиллик орзуси ушалдими?

– Сув йўқлигидан кўп йиллар қийналдик, – дейди Аҳмад Жумаев. – Томорқалар “қақшаб”, мевали дарахтлар қурий бошлаганди. Ҳатто, чорва молларини суғориш ҳам муаммо бўлган. Бир неча марта пул йиғиб, ҳашар уюштирдик. Махсус қувур ётқизилди. Аммо фойдаси бўлмади. Обиҳаёт чуқурлик ва жарлик ҳосил қилиб, зовурга оқиб кетарди.

“Ўзбекистон овози” газетасидаги чиқишдан кейин туман ҳокимлиги ва ирригация бўлими масъуллари аҳоли билан учрашди. Кўпнинг дарду ташвишига айланган масала атрофлича ўрганилди. Мутасаддилар сув ўтказгичнинг қишлоққа кириш қисми лой, балчиқ ва чакалакзордан тозаланса, янги ариқ барпо этилишига ваъда берганди. 

– Ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликда ҳикмат кўп экан, – давом этади Чори Омонқулов. – Ўзаро келишган ҳолда ишга киришдик. Жойлардаги лойқа ва қиёқлар олиб ташланди. Техникалар жалб қилиниб, атроф ободонлаштирилди. Янги йил арафасида узунлиги қарийб 60 метр келадиган (чуқурлиги – 1, юза қисми ўртача – 1,5-2 метр) бетон қопламали ариқ очилди. Сувсиз кунлар ортда қолаётганидан хурсандмиз. Эзгу ташаббусга бош бўлганларга раҳмат.

– Сувдан оқилона фойдаланиш давр талаби, – дейди Музработ туман ирригация бўлими бошлиғи Жасурбек Бўриев. – Бу борада жамоамиз томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, 2023 йилда 44,5 километр хўжаликлараро тармоқлар тозаланган бўлса, 155 та гидротехник иншоот таъмирланди. Сув истеъмолчилари уюшмалари ҳамда фермер хўжаликлари тасарруфидаги 670 километрдан ортиқ ички суғориш тармоқлари яхшилангани эътиборли. Рақамли технологияларни ҳаётга татбиқ қилиш мақсадида 200 тадан кўпроқ сув ўлчаш ва ростлаш мосламалари ўрнатилди. Энг муҳими, “Меҳнатобод”, “Нурли ҳаёт”, “Қўнғирот”, “Сополлитепа” ва бошқа ҳудудлардаги 850 метрга яқин ариқ-зовурлар тўлиқ бетонланди. Сифатли ва замонавий гидроиншоотлар кўп йиллар халқимизга хизмат қилишига ишонаман.

Энди бетонлар кўчиб кетмаса керак. Мутасаддилар маҳалла аҳли билан хабардор, ҳамжиҳат бўлиб ишласа, муаммо чиқмаслиги аниқ.

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

Leave A Reply