8 МИНГДАН ОРТИҚ МАҲАЛЛАДАН ТАКЛИФ БОР  

0 27

“Ташаббусли бюджет”нинг 2024 йилдаги илк мавсумига 1 февралдан старт берилган эди.

Маълумотларга кўра, 20 февралга қадар тизимга лойиҳалар киритилади. Уларни саралаш эса 21 февралдан 11 мартга қадар давом этади. Овоз бериш жараёни 12-31 март кунлари ўтказилади.

Маълум бўлишича, ушбу мавсум учун фуқаролар томонидан илгари суриладиган лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида туман ва шаҳар бюджетлари ҳисобидан 3 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади. Лойиҳалар сони 21 108 тани ташкил этмоқда. Лойиҳаларнинг энг юқори қиймати 1 млрд 360 млн сўм қилиб белгиланган.

“Бир фуқаро бир овоз”

«Ташаббусли бюджет»нинг жорий йилги мавсумидан амалда бўладиган янги тартибга кўра, энди ҳар бир фуқаро фақат бир марта овоз бериши мумкин. Овоз беришда соғлом рақобат муҳитини яратиш мақсадида “Бир фуқаро – бир овоз” тизими жорий этилади. Яъни, эндиликда кишининг номида нечта сим-картаси бўлишидан қатъи назар, у фақат 1 марта овоз бера олади. Бу орқали овозлар сонини сунъий кўпайтириш ҳамда ижтимоий адолатсизликларга чек қўйилади.

13 февраль ҳолатига кўра, “Ташаббусли бюджет”нинг жорий йилдаги илк мавсумида 8037 маҳалладан таклифлар келиб тушган.

Ҳудудлар кесимида таҳлил этадиган бўлсак, Қорақалпоғистон республикасида 1207 та, Хоразмда 1780 та, Бухорода 1782 та, Қашқадарёда 1503 та, Навоийда 1476 та, Самарқандда 1253 та, Жиззахда 835 та, Сурхондарёда 2119 та, Сирдарёда 1053 та, Тошкент шаҳрида 2143 та, Тошкент вилоятида эса 1568 та, Фарғонада 1919 та, Андижонда 937 та, Наманганда эса 1533 та лойиҳа илгари сурилган.

Лазиза Шерова,

“Ўзбекистон овози” мухбири

Leave A Reply