КАМАЙИШ ЭМАС, ЎСИШ КУТЯПМИЗ

0 25

Марказий банк бошқарувининг жорий йил 25 январдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш бўйича қарор қабул қилинди. Марказий банк матбуот анжуманида шу ва бошқа муҳим рақамлар, факторлар ҳақида маълумот берди. Анжуманда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов, раиснинг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайдуллаев ҳамда раис ўринбосари Беҳзод Ҳамраев иштирок этди.

Анжуманда иқтисодиётдаги юқори талаб динамикаси таъсирида шаклланаётган кутилмаларни инобатга олиб, асосий ставка даражаси ўзгаришсиз қолдирилгани қайд этилди. Шунингдек, прогнозларга кўра, инфляция йил якунида 8-9 фоизни ташкил этиши кутилаётгани тўғрисида ҳам маълумот берилди.

– 2023 йилда иқтисодий ўсишнинг 6 фоизгача тезлашишида асосий капиталга инвестициялар ҳажмининг юқори суръатда ўсиши муҳим аҳамият касб этди, – дейди Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов. – Иқтисодиётга ажратилган кредитларнинг ижобий динамикаси, фискал рағбатлантиришларнинг юқорилиги ва пул ўтказмалари иқтисодий ўсиш суръатларини қўллаб-қувватловчи омиллардан бўлди. Шу билан бирга, жаҳон иқтисодиётидаги қатъий молиявий шароитлар, меҳнат бозорларининг мувозанатлашиши ва хомашё товарлари нархларининг пасаювчи динамикаси таъсирида глобал инфляциянинг жорий йилда ҳам секишлашишда давом этиши кутилмоқда. Қолаверса, савдо ҳамкорлардаги жорий иқтисодий тенденциялар ва кутилмаларни инобатга олиб, келгуси ойларда сўмнинг реал алмашув курсига нисбатан юқори босимлар кузатилмаслиги тахмин қилинмоқда.

Янгиланган прогнозларга кўра, асосий сценарий бўйича 2024 йилда умумий инфляция 8-9 фоиз, базавий инфляция даражаси эса 7-8 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда. Жорий йилда эса макроиқтисодий ривожланишнинг қайси сценарий шартлари асосида кечиши ташқи иқтисодий омиллар билан бирга мақроиқтисодий барқарорликни таъминлашнинг ички омиллари, яъни таркибий ислоҳотлар суръатлари, фискал интизом ва пул-кредит сиёсати таъсирчанлигига боғлиқ бўлади.

Айни пайтда айрим тартибга солинадиган нархларда кутилаётган ўзгаришлар, акциз ва қўшилган қиймат солиғи бўйича киритилган сўнгги ўзгартиришлар ҳисобига кейинги ойларда ички нархларга бир марталик таъсир эҳтимолларини пасайтириш чоралари кўрилмоқда. Асосий ташқи хатарлар, глобал фрагментациянинг кучайиши ва юқори глобал инфляцион жараёнларнинг узоқроқ муддат сақланиб қолиши билан боғлиқ бўлади.

Ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 5,5-6 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Бир сўз билан айтганда, Марказий банк асосий ставка бўйича келгуси қарорларини умумий инфляциянинг янгиланган прогнозларидан келиб чиқиб қабул қилади ва инфляциянинг 5 фоизлик таргет кўрсаткичига эришиш учун зарур пул-кредит шароитларини таъминлаб боради.

Асосий маълумотлардан кейин Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов журналистларнинг саволларига жавоб берди.

Ўзбек сўми 2023 йилда неча фоизга қадрсизланди?

– Сўм 2023 йилда 9,8 фоизга қадрсизланган. Курснинг девалвация даври йилнинг иккинчи ярмига тўғри келиб, асосий савдо ҳамкор давлатлар валюта курсидаги ўзгаришлар ва ташқи савдо балансидаги шаклланган ҳолат алмашув курсига маълум даражада босимни кучайтириб, девалвацияни тезлаштирган. Шунингдек, жорий иқтисодий тенденциялар ва кутилмаларни инобатга олиб, келгуси ойларда сўмнинг реал алмашув курсига юқори босимлар кузатилмаслигини кутяпмиз. Марказий банк ҳеч қачон курс бўйича прогноз бермайди. Фақат кутилаётган кутилмалар ва уларнинг қанақа таъсирлари бўлишини айтиш мумкин.

Маълумотларига кўра, сўмдаги банк депозитлари юқори фоиз ставкасида шаклланяпти, бу эса банк депозитлари ўсиш суръатини 2023 йилда ҳам сақлаб қолиш имконини берган. Инфляцияни таргетлаш стратегиясининг асосий мақсадларидан бири – одамларнинг сўмдаги омонатларини оширишдан иборат. Бу борадаги ишлар кўринмаётган бўлса ҳам баъзи рақамларни келтириб ўтсам. 2019 йилда аҳолининг омонатлари 2 миллиард доллар эквивалентига тенг бўлган бўлса, 2023 йил якунига мазкур кўрсаткич 7 миллиард долларга етди. 2023 йилда Ўзбекистонга 11,4 миллиард долларлик пул ўтказмалари кириб келди. Бу 2022 йилга нисбатан 33 фоизга кам бўлса, 2021 йилга нисбатан 42 фоизга кўп, дегани.

– Ўтган йилда ҳам, жорий йилда ҳам доллар курси сўмга нисбатан кескин ўсишда давом этмоқда. Бундан бир йил аввал бир доллар 11 318 минг сўм бўлган бўлса, 2024 йил январь ойининг сўнги кунларида 12 433 сўмни ташкил этди, яъни бир йилда 1 минг 115 сўмга қимматлаган. Шу тариқа ўзбек валютаси 10 фоизга қадрсизланди. Нима сабабдан миллий валютамиз АҚШ долларига нисбатан тез қадрсизланиб бормоқда?

– Миллий валютамизни қадрсизланиши Марказий банкнинг хатти- ҳаракатига боғлиқ эмас. Курсни бозор белгилайди. Талаб ва таклиф белгилайди. Марказий банк ҳеч қачон курс прогнозини бермаган. Бизнинг иқтисодий салоҳиятимиз ошса, ташқи иқтисодий алоқалардаги ўрнимиз, мавқемиз кўтарилиб борса, курсимизнинг қадрсизланиши шунча пастроқ бўлади. Фақат кутилаётган кутилмаларни, қанақа таъсирлари бўлишини айтиб ўтамиз. Ҳар йили сўмимиз қадри ўртача 1,5 баравар ўсяпти. Охирги 3 йилда миллий валютамиз қадри 2 миллион эквивалентдан 7 миллион эквивалентга ўсди. Бу, умумий аҳолига нисбатан олиб қарайдиган бўлсак, камдир. Бироқ маълум жиҳатдан аҳолининг ишончи ошмоқда.  

 – Ўтган матбуот анжуманларида Марказий банк раҳбарияти томонидан эндиликда мижозларга хизмат кўрсатишда қоидабузарликка йўл қўйган банклар ва уларнинг филиалларининг номларини Марказий банк оммавий ахборот воситалари эълон қилади, деб маълумот берганди. Аммо Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан 2023 йилнинг декабрь ойидаги йиғилишларида амалдаги қонунчилик талабларига риоя этилмагани оқибатида 3 та банкка нисбатан айрим операцияларнинг амалга оширилишига чеклов ўрнатилди ва 2 та банкка эса жарима санкцияси қўлланилгани хабар қилинди. Нима учун ушбу жаримага тортилган банклар номи очиқланмади?

– Биз буни муҳокама қилиб, бир нарсага тўхталдик. Бевосита аҳолида тижорат банклар тўғрисида нотўғри тушунча шаклланмаслиги учун банкнинг ички фаолияти билан боғлиқ ҳолатларда чора кўрилган банклар номини эълон қилмасликка қарор қилдик.

– Келгуси йилдан ташқи қарз ошиши мумкинми?

2023 йилда Ўзбекистоннинг ташқи қарзи бироз камайган, aммо 2024 йилда ортиши мумкин. Бу дегани, яъни давлат кафолатисиз жалб қилинган қарзлар янада кўпайиши мумкин. Янада аниқроқ айтганда, жорий йилда Ўзбекистон ҳукумати 5 миллиард доллар миқдорида ташқи қарз олишни режалаштирган. Бундан ташқари, 2024 йилдан жаҳонда қарз олиш ставкалари пасайиши ҳисобига ташқи қарзларни давлат кафолатисиз жалб қилиш тизими янада кенгайишини кутяпмиз. 6 фоиз иқтисодий ўсишни фақат ички ресурс ва жамғармаларга таянган ҳолда амалга оширишимиз қийин бўлади. Шунинг учун ҳам биз ташқи бозорлардан маблағлар жалб қилишимиз фақат иқтисодий ўсишимизга замин яратади.

– 2023 йилда Ўзбекистонга қанча инвестиция киритилган?

Асосий капиталга киритилган инвестициялар 352 триллион сўмни, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми эса 7,2 миллиард долларни ташкил қилган. Ўзбекистонга киритилаётган инвестициялар ҳажми юқори суратларда ўсишда давом этмоқда. Бу келгусида ҳам ялпи таклиф омилларини кучайтиришга замин бўлади. 2023 йилда асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми 2022 йилга нисбатан қарийб 22 фоизга ўсган. Бу дегани, албатта, бизга ялпи таклиф томонидан маълум бир иқтисодий замин шаклланиб бораётганидан, вужудга келаётган қўшимча таклифни қаноатлантириш учун яратаётганидан далолатдир.

– Россиядан пуд ўтказмалари камаймоқдами?

– 2023 йилда пул ўтказмаларни камайиши Россиядаги меҳнат мигрантларимиз сони камайиб бораётгани билан боғлиқ. 2023 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, Ўзбекистон фуқароларига Россияда ишлаш учун берилган патентлар ва рухсатномалар сони 12 фоизга камайган ва 1,2 миллионтани ташкил қилган. Шу билан бирга, меҳнат миграциясида географияси кенгайган. Яъни, бошқа мамлакатлардан пул ўтказмалари ҳажми 2023 йилда 14 фоизга ошган. Маълумотларга кўра, 2024 йил охирига келиб пул ўтказмалари ҳажми тахминан 12-12,5 миллиард долларни (10−12 фоизлик ўсиш) ташкил этиши кутилмоқда. Россияга ишлаш учун борганлар сони 12 фоизга камайган. Иккинчи томондан олиб қарайдиган бўлсак, меҳнат миграциясининг географияси кенгаяётган бўлиши мумкин. Пул ўтказмалари борасида 2024 йилда камайиш эмас, аксинча, 5-6 фоиз ўсиш кутяпмиз. Ўз навбатида, бошқа давлатлардан келадиган пул ўтказмалари 15 фоизга ошди.

Марказий банк тижорат банкларига фуқароларнинг розилигисиз уларнинг банк карталаридан маблағларни кредит тўловлари учун ечиб олишни тақиқлаганмиди?

– Банк ва мижоз ўртасидаги шартномада мижоз кредит бўйича тўловларнинг банк картасидан ечиб олинишига розилик берган ҳолатлар бу тақиққа алоқадор эмас. Агар кредит олган жисмоний шахс банк билан тузган шартномасида кредитни қайтариш манбаи сифатида ўзининг карта маълумотларини берган бўлса, ўша картадан маблағ ечиш автоматик равишда давом этаверади. Шартномада қайд этилмаган ҳолатлар бўйича, масалан, мен кредит олган бўлсам, бунинг учун менинг оиламнинг картасидан қайтариб олиш тақиқланган. Агар мен бу картани ҳам кредитни қайтариш манбаи сифатида кўрсатган бўлсам, банкда пул ечиб олиш ваколати бўлади.

– Пластикда пул сақлаш хавфлими?

– Хавфсизлиги ўзимизнинг молиявий саводхонлигимизга боғлиқ. Яъни, пластик картангизни кодини бегонага айтмасангиз, бўлди.

– Uzcard ва Humo терминалларини бирлаштириш қачон якунига етади?

Ушбу саволга Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайдуллаев жавоб берди:

– 2023 йилнинг май ойидан бошлаб “Uzcard” ва “Humo” банкоматлари бирлаштирилганидан кейин йил охиригача терминаллар ҳам интеграциялашиши керак эди. Шу пайтгача бу тўлов операторлари ҳар хил soft’дан фойдаланиб келган. Терминалларни бирлаштиришнинг кечга қолиши техник жараён ҳисобланади. Йил бошида 3 та банк, “Trastbank”, “Infinbank” ва “Apexbank”да синовлар ўтказилди. Биринчи чорак охиригача интеграция жараёни якунига етади.

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

Leave A Reply