ИНФЛЯЦИЯ ВА КЎПИК ХАВФИ

0 30

қандай чора кўриш керак?

Бугунги кунда дунёда вазият кун эмас, балки соат сайин ўзгармоқда. Жаҳоннинг турли нуқталарида ижтимоий-сиёсий чигалликлар, қуролли низолар, табиий офатлар, қурғоқчилик каби муаммолар юз бераяпти. Шуларнинг ҳаммасининг асоратлари йиғилиб, дунё иқтисодиётига, қолаверса, одамлар ҳаёти ва туриш-турмушига салбий таъсир кўрсатмоқда. 2023 йилда дунё мамлакатлари, республикамиз иқтисодиётидаги вазиятлар қандай бўлгани, 2024 йил учун прогнозлар ҳақида Тошкент халқаро университет кафедра мудири, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Акрам Абсаламовнинг фикрлари билан қизиқдик.

– Охирги йилларда дунё иқтисодиётида турли салбий вазиятлар кузатилди. Жумладан, 2022-2023 йилларда кузатилган юқори инфляция жараёнларининг Ўзбекистонга таъсири қандай бўлди?

– 2020 йилдан бошланган дунё иқтисодиётидаги салбий ҳолатлар, хусусан, пандемия даври, 2022 йилда бошланган сиёсий зиддиятлар халқаро логистикага, инвестициялар ҳаракатига, бирламчи хом ашё, ўғитлар ва товарлар нархларига таъсир этган ҳолда дунё иқтисодиётининг ривожланишини секинлаштирди. Ҳатто айрим ривожланган давлатларда иқтисодий ўсиш манфий баҳоланмоқда. Шунга қарамасдан, Ўзбекистон иқтисодиёти маҳаллий олимларимиз ва экспертларимиз фикрига ҳамда дунёнинг етакчи молия институтлари тадқиқотларига кўра мўътадил ривожланиб бормоқда.

Ички иқтисодиётнинг ривожланиш даражасини билдирувчи асосий кўрсаткич авваламбор мамлакатдаги ишлаб чиқариш даражасининг ҳолати ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда, айтишимиз мумкинки, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти охирги йилларда сезиларли тарзда ошиб бормоқда. 2022 йилда ЯИМ 896,6 триллион сўмни ташкил қилди. 2020 йилни инобатга олмаганда охирги олти йилда мамлакатимизда ишлаб чиқариш номинал қийматда 100-130 триллион сўмдан қўшилиб бормоқда. Бу, албатта, биз учун ижобий ҳолат ҳисобланади.

Бундан ташқари, иқтисодиёт ривожланишига тўсқинлик қилувчи бир қанча омиллар ҳам мавжуд бўлиб, улардан асосийси ички иқтисодиётдаги нарх даражасидир. 2022 йилдан дунё иқтисодиётда кузатилган юқори инфляция даражаси 2023 йилда ҳам сақланиб қолди. Ўзбекистон иқтисодиётининг халқаро иқтисодиёт билан интеграцияси охирги йилларда анча кучайиб бораяпти. Натижада ривожланган давлатларда кузатилган юқори инфляция бизнинг иқтисодиётимизда ўз таъсирини кўрсатмасдан қўймади. Айтмоқчимизки, 2022-2023 йиллардаги юқори инфляция бу ички иқтисодиётдаги ўзгаришлар натижасида эмас, балки ташқи иқтисодиётдаги ўзгаришлар натижасида “инфляция импорти” амалга ошди. Статистик маълумотларга кўра, ривожланган давлатларда инфляция 2022-2023 йилларда 10 фоиз атрофида бўлган бўлса, мамлкатимизда 2022 йилда инфляция 12,3 фоиз бўлган ва 2023 йил якуни бўйича 9,7 фоиз бўлиши кутилмоқда.

– Бугун республикамиз очиқ иқтисодиётга ўтмоқда, мамлакатимизнинг ташқи савдо операциялари 2023 йилда қандай бўлди?

– Бугунги кунда бирон бир иқтисодиёт ташқи иқтисодиёт билан алоқа қилмасдан туриб ривожланиши мумкин эмас. Иқтисодиёт шундай жараёнки, айрим хом ашёлар бизда бўлса, айримлари бизда йўқ. Шу билан бирга, айрим товарларни чет элда ишлаб чиқариш арзон бўлса, айрим товарларни ишлаб чиқариш бизда арзон бўлади. Шундай экан, давлатлар айрим товарларни четга сотса, айрим товарларни четдан сотиб олишга мажбур бўлади.

Маълумки, 2017 йилга қадар мамлакатимизда импорт товарларига турли тўсиқлар қўйилган эди. Хусусан, импортёрларнинг валюта биржасидан чет эл валютасини сотиб олиш қийин кечар эди. 2017 йилда валюта сиёсатини либераллаштириш орқали бу каби тўсиқлар олиб ташланди. Натижада импорт ҳажми ўзининг табиий даражасига чиқиб олди. Албатта, мамлакатимиз савдо баланси сальдоси манфий бўлиши салбий баҳоланиши мумкин, аммо бу очиқ иқтисодиётни олиб боришнинг илк давридаги табиий ҳолатдир.

2023 йилда ҳукуматимиз олдида турган асоссий масалалардан бири савдо баланси дефицитини камайтиришдан иборат бўлди. Статистик маълумотларга кўра, 2022 йилда Ўзбекистоннинг ташқи савдо ҳажми 57 миллиард АҚШ долларидан ошган бўлса, 2023 йил якунларига кўра 65 триллион АҚШ долларидан ошиши мумкин. Олдинги йиллардан фарқли равишда 2023 йилда экспорт ҳажмининг ошиши импорт ҳажмининг ошишидан юқори бўлди ва бу биз учун ижобий ҳолатдир. Хусусан, 2023 йил январь-ноябрь ойларида мамлакатимиз экспорти ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоиздан кўпроққа ошган бўлса, импорт ҳажми эса 23 фоизга тўғри келмоқда. Агар бу тенденция кейинги йилларда ҳам кузатилса, савдо балансидаги манфий сальдонинг камайишига ва унинг ички иқтисодиётга босимининг пасайишига олиб келади.

– Молия бозорисиз иқтисодий ўсишни тасаввур қилиш қийин. Ўзбекистон молия бозори бугунги кун чақириқларига қандай жавоб бермоқда?

– Тўғри таъкидладингиз, бугунги кунда иқтисодий ўсишга катта туртки бераётган институтлардан бири молия бозоридир. Молия бозорининг асосий элементларидан бири бу банклар ҳисобланади. Ўзбекистон банк тизими бугунги кунда катта трансформация жараёнларини бошдан кечирмоқда ва бу бугунги куннинг талабидир. Банк тизимининг трансформацияси натижасида рақамли банклар вужудга келмоқда ва рақамли банк хизматларининг кўлами ҳам кенгайиб бормоқда.

Тижорат банкларини трансформация қилишдан кўзланган асосий мақсад аҳолига қулай хизматлар кўрсатиш бўлса, иккинчидан, тижорат банкларининг иқтисодий ўсишга қўшаётган ҳиссасини оширишдан иборатдир. Тижорат банкларининг кредитларисиз иқтисодиётнинг ривожланишини тасаввур қилиб бўлмайди. Ўзбекистон мисолида тижорат банклари кредитлари йил сайин ошиб бормоқда.

Хусусан, 2023 йил янваль-ноябрь ойларида тижорат банклари умумий ҳисобда 465,5 триллион сўмлик кредитлар ажратган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22 фоизга кўпдир. Ушбу кредитлар ошишида жисмоний шахсларнинг ҳиссаси юқоридир. Жумладан, ўша даврда тижорат банклари томонидан жисмоний шахсларга 146,7 триллион сўм кредит ажратилган бўлса, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 50 фоизга кўпдир. Бу жараённинг ҳам ижобий, ҳам салбий томонлари бор.

Ижобий томони шундаки, жисмоний шахслар кредитлари мамлакатда ишлаб чиқарилган товарлар ва кўрсатилаётган хизматларни харид қилиш учун сарфланади. Бир сўз билан айтганда, ички иқтисодиётда ялпи талабнинг ошишига олиб келади. Бу ҳолат тижорат банкларининг жисмоний шахсларга ажратаётган кредитлари фоизининг юридик шахсларга ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун ажратаётган кредитлари фоизидан юқори бўлишига олиб келади ва банкларни жисмоний шахсларга кредит ажратишга қизиқишини оширади.

Бунинг энди салбий томонига тўхталадиган бўлсак, банклар иқтисодиётдаги ялпи талабни оширишга сабабчи бўлади-ю, аммо юридик шахсларнинг ишлаб чиқаришини кредитлашни камайтириш орқали ёки етарлича оширмаслик орқали иқтисодиётдаги ялпи таклифни пасайтирада. Ялпи талаб ва ялпи таклиф ўртасидаги бу каби фарқ ички иқтисодиётда инфляцияни ошириш орқали нарх барқарорлигига путур етказади. Шу билан бирга, жисмоний шахсларга кредитларни кенгайтириш орқали, албатта, бу кредитлар фоизи анча юқори бўлганлиги сабабли банк тизимида жиддий рискларни ҳам вужудга келтиради.

– 2024 йилда итқисодиётимизда қандай ўзгаришлар бўлишини кутяпсиз? Қандай масалалар муҳим, деб ўйлайсиз?

– 2024 йилда ҳам мамлакатимизда ишлаб чиқаришнинг ошиши аниқ ҳолат. Ҳатто Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, 2024 йилда ривожланган давлатларнинг иқтисодиёти ўртача 2,7 фоизга ўсиши прогноз қилинган бўлса, Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари иқтисодиёти эса ўртача 4,7 фоизга ўсиши прогноз қилинган. Шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон иқтисодиёти 2024 йилда 5,6 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда. Яъни, мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар ижобий баҳоланмоқда. Натижада биздаги иқтисодий ўсиш дунё иқтисодиётининг ўртача ўсишидан юқори бўлиши прогноз қилинаяпти.

Иқтисодий фаолликни ҳисоблаб борадиган кўрсаткичлар ва индекслар талайгина бўлиб, улар орқали ҳам иқтисодий прогнозларни амалга ошириш мумкин. Хусусан, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (CERR) томонидан ҳисобланиб борилаётган Ишбилармонлик фаоллиги индекси ҳам муҳим кўрсаткичлардан биридир. Ушбу индекс банк ҳисоб-варақлари бўйича операциялар, товар хом ашё биржасидаги фаоллик, хўжалик юритувчи субъектларнинг фаоллиги ҳамда брендларни рўйхатга олиш каби тўртта компонент орқали аниқланиб борилмоқда ва бу индексда Ўзбекистоннинг ўрни тобора ошиб бораяпти.

Ташқи савдо операцияларига келадиган бўлсак, 2024 йилда ҳам савдо балансида манфий сальдони кутишимиз мумкин. Ўйлайманки, ҳукумат томонидан ташқи савдо операцияларида экспортнинг импортдан кўпроқ ошишини таъминлашга қаратилган бозор механизмларига мос келадиган чора-тадбирларни амалга ошириш лозим. Бунда импорт товарлари ва хизматлари таркибини чуқур таҳлил қилиш лозим. Шу билан бирга, хусусий секторга зарар келтирмаган ҳолда, давлат улуши мавжуд корхоналарнинг ёки давлат эҳтиёжлари учун харид қилинаётган импорт товарлари ҳажмини камайтириш мақсадга мувофиқдир.

Мамлакатимизда молия бозорининг ривожланиши ҳақида гап кетганда, молия бозоридан ташқарида айланаётган молиявий ресурслар тўғрисида фикр юритишни маъқул кўраман. Тақрибий ҳисоб китобларга қараганда, банклардан ташқарида аҳоли қўлида 20 миллиард АҚШ долларига яқин молиявий ресурслар жамланган. Бугунги кунда аҳоли жамғармаларининг катта қисми асосан кўчмас мулкда ёки чет эл валютаси кўринишида сақланмоқда. Ушбу икки инструмент ҳам ишлаб чиқаришнинг ошишига етарлича хизмат қилмайди.

Аҳоли жамғармаларнинг катта қисми кўчмас мулкка йўналтирилиши ушбу бозорда “совун кўпиги” ҳосил бўлишига олиб келса, жамғармаларнинг чет эл валютасида сақланиши эса иқтисодиётнинг долларлашувини кучайтиради. Бу ички иқтисодиётнинг ташқи иқтисодий тебранишларга таъсирчанлигини оширади ва миллий пул сиёсатини заифлаштиради.

Аҳоли жамғармаларини молия бозорига жалб қилишда асосий инструмент бугунги кунда банк депозитлари ҳисобланади. Аммо банк депозитлари катта жозибага эга эмас. Шундай экан, фикримча, аҳоли учун жозибали инструментларни кўпайтириш орқали аҳоли жамғармаларини молия бозорига жалб қилиш мақсадга мувофиқдир. Аҳоли жамғармаларини кўчмас мулк бозоридан молия бозорига ўтказиш чора-тадбирларини амалга оширишимиз лозим. Бунинг учун балки Сингапур тажрибасидан (битта оилага битта уй) фойдаланишимиз ҳам мумкин. Аммо бунинг ижобий ва салбий таъсирларини чуқур таҳлил қилиш лозим.

Хулоса шуки, дунё иқтисодиёти ва ички иқтисодиётимизда юқори инфляция даражасини чеклаш, юртдошларимизнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш муҳим вазифалардан бўлиб қолади.

“Ўзбекистон овози” мухбири

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ суҳбатлашди.

Leave A Reply