МУЗРАБОТ ТУМАН ҲОКИМИ ЭШИТАДИМИ?

0 42

Музработ туманининг “Меҳнатобод” ва “Нурли ҳаёт” маҳаллаларидаги 350 дан ортиқ хонадон томорқаларига сув борармикан?

Музработ тумани марказидан 3,5-4 километр олисда жойлашган “Меҳнатобод” ва “Нурли ҳаёт” маҳаллаларида саккиз минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Мингга яқин хўжалик бор. Бир неча йилдирки 350 дан ортиқ хонадон томорқасига сув бормайди. Боғбонлар мушкул аҳволда. Чорвадорлар қийналаяпти. Фермер хўжаликлари раҳбарлари аросатда.

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида ҳудудда бўлиб, аҳоли вакиллари, мутасаддилар ва масъуллар билан учрашдик. 

   – Бундан 15-20 йил аввал сув сероб эди, – дейди “Меҳнатобод” маҳалласида яшовчи Чори Омонқулов. – Озиқ-овқат, мева-сабзавот, боғдорчилик ва бошқа соҳалардан яхшигина даромад олганмиз. Кейинчалик танқислик кузатила бошлади. 2012-2013 йилларда эса оқим буткул тўхтаб қолди. Томорқалар яйдоқ чўлга айланган. Мевали дарахтларнинг аксарияти ҳосил бермаяпти. Хуллас, сув кўпнинг дарду ташвишига айланган.    

   …Уч-тўрт йил олдин ҳудудда махсус қувур ётқизилиб, бетон ариқ ҳам барпо қилинганди, денг. Ўшанда кўпчилик энди яхши бўлса керак, деган хаёлга борганди. Афсуски, қувончимиз яна узоққа чўзилмади. Сув ўтказгич сифатсиз таьмирлангани учун қарийб юз метри пастдаги зовурга қулаб тушди. Оби-ҳаёт исроф бўлмоқда. Ариқ эса лой ва балчиққа тўлган. Жарлик ва чуқурликлар кўпаймоқда. Атроф қамиш ва қиёқ ўсадиган чакалакзорга ўхшайди. Нима қилиш ва қандай йўл тутишга ҳайронмиз.

   – Ўтган даврда ариқни бир неча марта ўз маблағимиз ҳисобидан таьмирладик, – давом этади “Нурли ҳаёт” маҳалласида истиқомат қилувчи Тоғаймурод Чоршиев. – Аммо бу фойда бермади. Туман ва вилоят ҳокимликларига мурожаат қилганмиз. Сайёр қабулларда бўлдик. Шикоят ва аризалар жўнатилди. Аммо фойдаси бўлмаяпти. Наҳотки, юз метрча келадиган ариқни сифатли таъмирлаш шунчалик қийин бўлса…

   – Сув муаммоси кўп йиллардан буён томорқа ер эгаларини қийнаб келаётгани ҳақиқат, – дейди ҳудудга етиб келган туман ирригация бўлими бошлиғи Жасурбек Бўриев. – Тўғрисини айтиш керак, гоҳида иқтисодий қийинчилик кузатилган бўлса, баъзан зарур техникалар етишмаган. Аммо нима бўлганда ҳам оби-ҳаёт етказиб бериш бурч ва вазифамиз ҳисобланди. Шулардан келиб чиққан ҳолда бир фикрни айтмоқчиман: агар аҳоли томонидан ариқ лой ва балчиқлардан тозаланса, таъмирлаш ишларини бошлаймиз.

   – Долзарб муаммо назоратимизга олинган, – дейди Музработ туман ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари Жаҳонгир Абдурасулов. – Ҳозирги кунда ушбу ҳудудда ободонлаштириш ишлари изчил давом этмоқда. Ҳамкорликда ҳикмат кўп, деганларидек йил охиригача “Меҳнатобод” ва “Нурли ҳаёт” маҳаллаларидаги муаммо тўлиқ бартараф этилади.

Ҳайрон қоласан, қанча ҳудудлар барқарор сув манбаси тополмай қийналади, бир хил жойларда келиб турган сув эплаб бошқарилмайди. Музработ туман ҳокими икки маҳалладаги масаладан хабардор бўлиб, керакли, таъсирли чораларни кўради, деб ишонгимиз келади.

Абдумалик Ҳайдаров,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

Leave A Reply