ИНСОН ФОЙДАСИГА ТАЛҚИН ҚИЛИНАДИ

0 966

Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича масъул қўмиталар битта мажлис, битта конференция ўтказди

Жорий йилнинг 24 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Конституциявий қонун лойиҳасини тайёрлашга масъул бўлган Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталарининг қўшма йиғилиши бўлди.

Йиғилишда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар атрофлича кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар мазмун-моҳиятига кўра, “инсон – жамият – давлат”, “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилларни конституциявий қоида сифатида муҳрлашга, халқпарвар давлат барпо этишга, инсон ҳуқуқларининг ҳимояси ва ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Миллат ва халқ сифатида кейинги қадамларимизни аниқлаб олишимиз учун ўта муҳим бўлган адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадам бўлмоқда.

Ўтган даврда фуқаролардан келиб тушган 220 мингдан ортиқ таклифлар, шунингдек, 2022 йил 24 ноябрь куни Қонунчилик палатаси мажлисида депутатлар ва сиёсий партиялар фракциялари томонидан билдирилган қатор таклифлар масъул қўмиталар томонидан чуқур таҳлил қилиниб, Конституциявий қонун лойиҳасида акс эттирилди.

Йиғилишда сўз олганлар Конституция ҳам мазмунан, ҳам шаклан мутлақо янги Конституция бўлаётганлигини алоҳида қайд этишди.  Зеро, унинг аксарият нормалари принципиал жиҳатдан янгиланмоқда, биргина инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид қоидалар қарийб икки баробарга ортаётганлиги таъкидланди.

Конституциявий қонун лойиҳасида инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши белгиланяпти.  Шунингдек, қонунда назарда тутилган пенсиялар, нафақалар ва бошқа ижтимоий ёрдамнинг миқдори расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан кам бўлиши мумкин эмаслиги аниқ кўрсатилмоқда, фуқаролар тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини давлат ҳисобидан бепул олишга ҳақлилиги қатъий белгиланмоқда.

Давлатнинг фуқароларни ишсизликдан ҳимоя қилиш ва камбағалликни қисқартириш чораларини кўришга оид вазифаларини назарда тутувчи янги модда киритилди. Бундан ташқари, мазкур моддага мувофиқ, давлат фуқаролар бандлигини таъминлаш учун уларнинг касбий тайёргарлиги ҳамда қайта тайёрланишини ташкил этиши ва рағбатлантириши назарда тутилмоқда.

Йиғилишда таъкидланганидек, фуқароларимизнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи конституциявий даражада мустаҳкамланмоқда. Давлат уй-жой қурилишини рағбатлантириши ва уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг амалга оширилишига шарт-шароит яратиши белгиланмоқда. Ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларни уй-жой билан таъминлашнинг қонуний асослари яратилмоқда.

Энг муҳими, Конституцияда ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга номувофиқ ҳолда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги аниқ-равшан мустаҳкамланмоқда.

Йиғилишда сўзлаганлар лойиҳада мамлакатимизда олиб борилаётган очиқлик сиёсатини қатъий давом эттиришга қаратилган қоидалар мустаҳкамланаётганлигини алоҳида эътироф этишди. Хусусан, давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини кафолатлаши, шунингдек, оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши мустаҳкамланмоқда.

Депутатлар қайд этишганидек, аввалги муҳокамаларда Конституциявий қонун лойиҳасидан ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига бошчилик қилишини назарда тутувчи қоида чиқариб ташланган эди. Бироқ, жамоатчилик томонидан берилган таклифларда бундай ўзгаришнинг ўзи етарли эмаслиги, яъни ҳокимлар халқ депутатлари Кенгашларида раҳбар бўла олмаслиги аниқ кўрсатилиши кераклиги билдирилган эди. Шунга мувофиқ, “ҳоким лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида тегишли халқ депутатлари Кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмас” деган қатъий норма ўрнатилмоқда.

Тадбир якунида конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамаси яна давом эттирилади. Жумладан, яқин кунларда олимлар, ҳуқуқшунослар, фаол ёшлар иштирокида муҳокамалар бўлиб ўтиши таъкидланди.

Олимлар нима дейди?

27 февраль куни Тошкент давлат юридик университетида юқоридаги масъул қўмиталар томонидан “Конституциявий ўзгаришлар — олимлар нигоҳида” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди.

Унда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар конституциявий ҳуқуқ соҳасининг олимлари ва ёш тадқиқотчилар иштирокида муҳокама қилинди.

Масъул қўмиталар томонидан янгиланаётган Конституция лойиҳаси устида иш олиб боришда асосий эътибор авваламбор, умумхалқ муҳокамаси, жамоатчилик, парламент аъзолари, халқаро ва хорижий экспертлар иштирокидаги муҳокамаларда берилган таклифлар ҳар томонлама таҳлил қилиниб, уларнинг долзарблари лойиҳада акс эттирилмоқда.

Таклифларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, таълим ва илм-фан соҳаларини тараққий эттириш, хусусий мулк дахлсизлигини янада мустаҳкамлаш, фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ масалаларга устувор аҳамият қаратилган.

Шунингдек, конференцияда парламент фаолиятини ислоҳ қилиш бўйича ҳам бир қатор таклифлар берилди.

Масалан, ТДЮУ кафедра мудири, юридик фанлар доктори, профессор Ихтиёр Беков сўз олиб, Олий Мажлис фаолиятини ислоҳ қилишда ҳар икки палата конституциявий ваколатларида такрорланишларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Унинг фикрича, бу борадаги хорижий тажриба таҳлили шуни кўрсатадаки, уларда парламентнинг қуйи палатаси “сиёсийлашган” палата ҳисобланиб, сиёсий партиялар фракциялари учун сиёсий майдон ҳисобланади ва аксарият давлатларда ҳукуматни шакллантириш ва унинг фаолиятини назорат қилиш бевосита қуйи палатанинг ваколатига киради. Юқори палаталар эса асосан ҳудудлар манфаатини ҳимоя қилиш, маҳаллий ҳокимият органлари манфаатларини ифодалаш, ташқи сиёсат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, назорат ва махсус хизмат идоралари фаолиятини назорат қилишга йўналтирилганини қайд этиб, Конституция лойиҳасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг ваколат ва масъулият соҳаларини аниқ чегаралашни таклиф этди. Мазкур ўзгартишлар парламент фаолиятида ҳар икки палата иши самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Юридик фанлар доктори, профессор Хушвақт Хайитов ҳам сўзга чиқиб, ўз таклифларини билдириб ўтди.

Хайитовнинг фикрича, Олий Мажлис палаталари давлатнинг ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини амалга оширишда муҳим ўрин тутади. Ўз навбатида, парламент палаталари ваколатлари ўртасида аниқ тақсимот, чегара белгиланиши, такрорлашлар бўлмаслиги ушбу органлар фаолиятини самарадорлиги ва масъулиятини оширади.

Тадбирда иштирок этган юридик фанлар доктори, профессор Шерзод Зулфиқоров ҳам Олий Мажлис фаолиятини такомиллаштириш бўйича ўзининг фикр ва мулоҳазларини, тегишли таклифларини билдириб ўтди.

Профессор Зулфиқоров фикрича, Олий Мажлис Сенатининг қонунчилик жараёнидаги фаолиятини янада такомиллаштириш давр талабидир. Сенат томонидан қонунларни кўриб чиқиш муддатининиг аниқ белгиланиши, қонунларнинг ўз вақтида, янада сифатли тайёрланишини таъминлайди. Шу боис, янгиланаётган Конституцияда илғор хорижий тажриба асосида қонунларни Сенат томонидан кўриб чиқиш муддатларини аниқ белгилаш мақсадга мувофиқ.

Конференция якунида Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамаси яна давом эттирилиши, хусусан, яқин кунларда фаол ёшлар иштирокида муҳокамалар бўлиб ўтиши айтилди.

Аҳмад ҚУРБОНОВ

тайёрлади.

Leave A Reply