Энг яхши шахмат мамлакати

0 969

14-29 январь кунлари Нидерландиянинг Вейк-ан-Зи шаҳрида шахмат бўйича нуфузли «Tata Steel-2023» турнири бўлиб ўтди. Бу мусобақада ҳамюртларимиз шахмат Олимпиадаси чемпионлари Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров ҳам иштирок этди.

Бир қадам қолганда

Нодирбек Абдусатторов етакчи гроссмейстерлар қаторида «Masters» гуруҳида, Жавоҳир Синдаров эса «Chellenjer» гуруҳида ғолиблик учун кураш олиб борди. Турнирнинг 1-турида Нодирбек Абдусатторов қора доналарда ўйнаб, руминиялик Рихард Раппортни мағлубиятга учратди. Нодирбек иккинчи турда америкалик Фабиано Каруна билан учинчи турда эса Гукеш билан дурангга имзо чеккан бўлса, тўртинчи турга келиб салкам олти соатлик ўйинда эронлик Парҳам Магсодлуни мағлуб этди. Абдусатторов кейинги турда машҳур шахмат қироли Магнус Карлсенга қарши дона сурди ва уни ҳам доғда қолдирди. Нодирбек 2800+ энг юқори рейтингдаги шахматчини қора доналарда ютган илк шахматчи сифатида тарихга кирди.

Олтинчи турда ҳамюртимиз ҳиндистонлик Прагнанада билан дурангга эришган бўлса, яна бир ҳиндистонлик Аржун Эригаисининг устидан ғалабага эришди. 8-турда оқ доналарда ўйин бошлаган Нодирбек АҚШлик рақиби Левон Аронян билан 9-турда германиялик Винтсент Кеймер билан дуррангга имзо чекди. Шахматчимиз 10-турда ҳам дурангга эришди. Бу галги рақиб дунё рейтингида юқори поғоналардан бирини эгаллаб турган хитойлик Лирин Динг бўлди. 11-турда Нодирбек Абдусатторов энг яқин таъқибчиси мезбон давлат шахматчиси Аниш Гри билан ҳам дурангга эришиб пешқадамлигини сақлаб қолишга эришади. 12-турда ҳам дурранг натижа қайд этилди. Бу сафар америкалик  Уэсли Со шахматчимизнинг рақиби бўлди.

Деярли бутун турнир давомида пешқадамликни қўлдан бой бермаган ёш гроссмейстеримиз охирги турда Ёрдан Ван Форестга имкониятни бой бериб қўйди. Бу эса унинг энг яқин тақибчиси Нидерландиялик Аниш Гирига қўл келиб 8,5 очко билан турнир ғолибига айланишига имкон берди. Нодирбек Абдусатторов эса «Tata Steel-2023» мусобақасини 2-ўрин билан якунлади. Аммо бу ғалабага тенг натижа бўлди. Мусобақа давомида «Challengers» таснифида қатнашган Жавоҳир Синдоров эса 3-ўринни эгаллади.

«Уни ҳис қиляпман»

Норвегиялик шахмат юлдузи, жаҳон чемпиони Магнус Карлсен Вейк-ан-Зеедаги турнир якуни бўйича ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Нодирбек учун афсусдаман. У бутун турнир давомида етакчи бўлиб келди. Сен илк бора бундай ҳолатда бўлганингда, бу оғир бўлади. Сенда ҳатто катта тажриба бўлса ҳам, бундай турнирда узоқ вақт давомида етакчи бўлиб туриш қийин. Уни ҳис қиляпман. Аниш Гирига келадиган бўлсак, у узоқ вақт ичида илк бора мени ортда қолдирди. Табриклайман. Бу нарса у учун яхши вақтда содир бўлди. Аниш бир неча маротаба бунга яқин келганди. Бу сафар омад у томонда бўлди», — деди Магнус Карлсен.

Энг яхши

Нидерландиядаги халқаро турнир якунида Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров йилнинг энг яхши шахмат мамлакатига топшириладиган «Tour D‘or» – «Олтин минора» совринини қабул қилиб олишди. Ўзбекистон шахмат федерациясига Европанинг шахмат совринини франциялик машҳур гроссмейстер Башар Куатли топширди. Ўтган бир йил давомида ёш шахматчиларимиз улкан ютуқларни қўлга киритишди. Хусусан, Ўзбекистонлик 17 ёшли гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов 2021 йилнинг декабрь ойида — рапид (тезкор шахмат) йўналишида жаҳон чемпионлигини қўлга киритди. 2022 йилда Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтган 44-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида Ўзбекистон бирорта ҳам мағлубиятга учрамаган ягона жамоа сифатида 188 давлат жамоалари иштирок этган Олимпиада чемпионига айланганди. Натижада илк марта ўзбекистонлик 4 шахматчи ФИДE рейтингида ТОП-100таликдан жой олганди.

Жамшидбек Амиров.

Leave A Reply