ЮЛДУЗЛАРНИ ЙИҒЛАТГАН МУНДИАЛ

0 952

Қатардаги жаҳон чемпионати бошланишидан аввал бир қатор футбол юлдузлари учун ушбу мундиал охиргиси, дея кўп гапирилганди. Улар орасида йиллар давомида мухлисларнинг меҳрини қозонган бир қанча футболчилар бор эди. Якунда бу сафарги жаҳон биринчилиги мазкур юлдузларнинг айримлари учун аламли тарзда тугаган бўлса, айримлари учун ҳали ҳам умид чироғини ёқиб турибди. Бу футболчилар кимлар эди ва улар нега бу сафарги мундиални кўз ёшлар билан тарк этишди?

Уругвай терма жамоаси чемпионатда омадсиз иштирок этган термалардан бирига айланди. Жамоа шарафини бир неча йиллар давомида ҳимоя қилиб келган Луис Суарес ва Эденсон Кавани каби ўйинчилар учун бу йилги мундиал охиргиси бўлиши муқаррар эди. Улар ушбу турнирда бор имкониятларини ишга солиб ўйнашни жуда-жуда исташганди. Бироқ, гуруҳ босқич ўйинларида Лотин Америкасидан келган футболчиларга омад кулиб боқмади. Биринчи турда Жанубий Корея билан дуранг натижа қайд этган Уругвай иккинчи турда Португалияга 2:0 ҳисобида мағлуб бўлди. Учинчи турда эса Ганадан худди шу ҳисобда устун келди. Бироқ, бу натижалар Суарес бошчилигидаги уругвайликларга кейинги босқичга чиқиш имконини бермади. Ўйинда сўнг жамоа юлдузлари кўз ёшларини тийиб тура олишмади.

Чорак финалга қадар дадил юришларини давом эттирган Бразилияни кутилмаганда Хорватия турнирдан чиқариб юборди. Ўйиндан сўнг миллионлаб мухлислар Неймарнинг аламли кўз ёшларига гувоҳ бўлишди. Ёшлигидан мамлакат футболининг ёрқин вакили, дея эътироф этилаётган футболчи терма жамоада биронта совринни юта олмагани чиндан аламли эди. 2014 йили ўз юртида ўтган жаҳон чемпионатида муваффақиятсиз иштирок, Россия мезбонлик қилган турнирдаги омадсиз юриш ва бу сафарги кутилмаган мағлубият. Буларнинг барчаси тобора энг ёрқин даврлари ортда қолаётган футболчини йиғлатиши турган гап. Мусобақанинг энг кучли таркибга эга жамоаси гуруҳ босқичида биринчи ўринни эгаллаб кейинги босқичга йўлланмани қўлга киритди. Нимчорак финалда Жанубий Кореяни йирик ҳисобда мағлуб этди. Бироқ, ярим финал остонасида беш карра жаҳон чемпионларини Лука Модрич бошчилигидаги Хорватия пенальтилар сериясида тўхтатиб қолишга муваффақ бўлди.

Мундиал давомида ўзининг атрофидаги турли хил миш-мишлар билан мухлисларнинг эътибор марказида турган Криштиану Роналду жаҳон чемпионатларидаги охирги ўйинларини ўтказди. Турнир давомида клубсиз қолган ва муҳокамалар марказида турган ўйинчи чемпионатда ўз даражасида ўйин кўрсата олмади. Бунга ўша баҳсли вазиятлар сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Португалия ҳам мусобақа фаворитларидан бири, дея аталаётган эди. Гуруҳ босқич ўйинлари натижасига кўра, биринчи ўринни қўлга киритган жамоа нимчорак финалда Швейцарияни аяб ўтирмади. Португаллар ўйинда қитъадошларининг дарвозасига жавобсиз олтита тўп киритишга муваффақ бўлди. Беллашувда Роналду заҳирада қолдирилди. Чорак финал тўқнашувида ҳужумчи ўйинга заҳирадан туширилди. Марокашга қарши кечган баҳсда европаликлар ҳеч нарса қила олмади. Натижада Африка жамоаси ўз тарихида ярим финалга чиққан илк африкаликларга айланди.

Хуллас, юлдузларни йиғлатаётган жаҳон чемпионати сўнгги паллага етиб келди. Турнирнинг дастлабли ярим финал беллашувлари бошланди. Бу сафар мухлислар қайси юлдузнинг кўз ёшларига гувоҳ бўлишар экан. Буни эса вақт кўрсатади.

Жамшидбек АМИРОВ.

Leave A Reply