Мундиалнинг қизғин беллашувлари яқинлашмоқда

0 982

Қатар мезбонлик қилаётган футбол бўйича жаҳон чемпионатининг плей-офф босқичига старт берилди. Ўн олти жамоа иштирок этадиган мазкур босқичда омадсиз жамоалар мусобақани якунлашига тўғри келади. Гуруҳ ўйинларидан кейин бу сафарги мундиалда ҳам бир қатор кутилмаган натижалар қайд этилди. Бунга Германия ва Уругвай каби кучли жамоаларнинг турнирни тарк этганини мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

Нимчорак финал беллашувлари Нидерландия ва АҚШ терма жамоаларининг ўйини билан бошланди. Ўйинда европаликларнинг устунлиги яққол сезилди. Натижада голландлар америкаликларни 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Англия кейинги босқич йўлланмаси учун Сенегалга қарши майдонга тушди. Ушбу беллашувда ҳам кучли жамоа ўз сўзини айта олди. Кейн, Сака ва Ҳендерсоннинг голлари эвазига Англия Сенегални қийинчиликсиз мағлубиятга учратди. Африка жамоасида эса Садио Маненинг йўқлиги мусобақа давомида анча сезилди. Шу тариқа Нидерландия ва Англия ярим финал чиптаси учун курашадиган илк жамоаларга айланишди.

Мундиалнинг қолган баҳсларида ҳам ҳеч қандай сенсацион натижалар қайд этилмади. Аргентина Австралияни 2:1 ҳисобида мағлуб этган бўлса, Франция Польша устидан 3:1 ҳисобида устун келди. Месси бошчилигида Аргентина турнирдаги дастлабли “қоқилиш”дан кейин дадил одимлашда давом этмоқда. Жанубий Америка жамоасини гуруҳ босқичининг биринчи турида мағлубиятга учратган Саудия Арабистони термаси эса аллақачон мусобақа билан хайрлашган. Нимчорак финалда жамоасининг биринчи голига муаллифлик қилган Лео Месси жаҳон чемпионатида энг кўп ўйин ўтказиш бўйича афсонавий Марадонани ортда қолдирди. Турнирнинг навбатдаги тўқнашувида французлар Левандовски бошчилигидаги Польшанинг чемпионатдаги иштирокига якун ясади. Мбаппе учун аталган баҳсда Франция рақиблари дарвозасига учта гол уришга муваффақ бўлди. Килиан мазкур беллашувда иккита гол уриб, тўпурарлик пойгасида яққол пешқадамга айланди. Кейинги босқичда Франция Англия билан кураш олиб борса, Нидерландия ярим финал чиптаси учун Аргентинага қарши майдонга тушади.

Жаҳон чемпионатида нисбатан имкониятлари тенг баҳоланаётган Хорватия ва Япония термалари ўртасидаги беллашув қарама-қаршиликларга бой бўлди. Шунингдек, бу йилги жаҳон биринчилигининг плей-офф беллашувларида илк бор ғолиб пенальтилар сериясида аниқланди. Ўйин давомида иккала жамоа ғалаба учун борини бериб ҳаракат қилди. Бироқ, асосий бўлимлар ва қўшимча дақиқаларда ҳам 1:1 ҳисоби ўзгаришсиз қолди. Пенальтилар сериясида эса японлар ўзларининг хатоси эвазига мусобақани шу босқичда тарк этишга мажбур бўлди. Мазкур серияда япониялик футболчилар учта пенальтидан фойдалана олмади.

Бразилия ва Хорватиянинг рақиблари маълум бўлди. Ушбу беллашувларда Марокаш ёшлардан таркиб топган Испанияни пенальтилар cериясида мағлуб этди. Учрашув якунланганидан сўнг испанлар бош мураббийи Луис Энрике лавозимидан бўшатилиши маълум бўлди. Марокаш эса турнирда ўз юришини давом эттираётган ягона Африка жамоасига айланди. Нимчорак финалнинг сўнгги баҳсида Португалия Швейцарияни аяб ўтирмади. Роналду заҳирада қолдирилган ўйинда португаллар рақиблари устидан 6:1 ҳисобида устун келди. Энди чорак финалда Хорватия Бразилия билан баҳс олиб борса, Португалиянинг рақиби Марокаш терма жамоаси бўлади. 1/4 финал босқич ўйинлари 9 декабрда бошланади.

Жамшидбек АМИРОВ.

Leave A Reply